Лочин шаҳри назорати тўлиқ Озарбайжон қўлига ўтди. Руслар ҳудудни тарк этди

Олам

image

Бугун, 26 август куни Баку назоратига ўтган Қорабоғнинг Лочин шаҳри марказида Озарбайжон байроғи ўрнатилди. Бу ҳақда Лочинда жойлашган ҳарбий хизматчилар мамлакат Президенти, Олий Бош қўмондон Илҳом Алиевга маълум қилди. 

“Ҳурматли Президент, Олий Бош Қўмондон! Сизнинг буйруғингизга биноан Озарбайжон армияси Лочин шаҳри, Забух, Сус аҳоли пунктларини тўлиқ назорат остига олди. Лочин шаҳри марказида Озарбайжон давлат байроғи ҳилпирайди. Яшасин Озарбайжон! Яшасин зафарли бош қўмондон! Қорабоғ – Озарбайжондир!”, дейди армия корпуси қўмондони, генерал-майор Канан Сейидов. 

Аввалроқ 26 август куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Озарбайжон армияси Лочин шаҳрига жойлаштирилганини айтган эди. 

“Бугун, 26 август куни биз озарбайжонлар Лочин шаҳрига қайтдик. Озарбайжон армияси Лочин шаҳрида жойлашган. Забух ва Сус қишлоқлари назоратга олинди”, деб ёзди давлат раҳбари Twitter’даги саҳифасида. 

Эслатиб ўтамиз, жорий ҳафта ўртасида Қорабоғдаги Лочин йўлаги номи билан машҳур бўлган постлар ва бошқа биноларни демонтаж қилиш бошланди Арманистонни Озарбайжон ҳудудлари билан боғловчи ушбу коридорда Лочин шаҳри, шунингдек, Забух ва Сус қишлоқлари жойлашган.

2020 йил ноябрь ойида Россия Федерацияси, Озарбайжон ва Арманистон раҳбарлари томонидан имзоланган уч томонлама баёнотга мувофиқ, бу ерда Россия ҳарбийлари хизмат қилаётган эди. Йўл назоратини Озарбайжон маъмурияти топширилди ва Лочин шаҳрини айланиб ўтадиган янги йўлда ўз миссиясини давом эттиради.

2020 йил 10 ноябрдаги декларацияга кўра, Озарбайжон Лочин йўлаги учун янги йўналиш яратди. Бундан ташқари, 32 километрлик автомагистрал қурилиш ишлари уч томонлама баёнотда назарда тутилган 3 йилдан эрта якунланди.

Эндиликда Озарбайжоннинг Қорабоғ ҳудудида яшовчи арманлар Арманистонга бориб-келиш учун янги йўлдан фойдаланади.

Арман матбуоти ва ижтимоий тармоқларининг маълумотларига кўра, Озарбайжон ерлари ишғол қилинганда бу ҳудудга келиб қўним топган арманлар аллақачон Лочин, Забух ва Сусни тарк этган.

Озарбайжоннинг Лочин вилояти Арманистон томонидан ишғол қилинганидан сўнг халқаро ҳуқуққа зид равишда Сурия ва Ливандан арманлар бу ҳудудларга кўчирилган.

Қорабоғ уруши

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қорабоғ Лочин

Баҳолаганлар

33

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг