Лавров Украинадаги уруш якунланиши мумкин бўлган муддатга изоҳ берди

Олам

image

Москва Украинадаги ҳарбий махсус операциянинг тугаш вақтини сунъий равишда 9 майга мослаштирмайди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Италиянинг “Mediaset” телекомпаниясига берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Ҳарбийларимиз ўз ҳаракатларини сунъий равишда ҳеч қандай санага, жумладан Ғалаба кунига мослаштирмайди. Биз ҳар доимгидек 9 майни тантанали равишда нишонлаймиз”, дейди вазир бу борадаги саволга жавоб берар экан.

Унинг сўзларига кўра, Украинада ҳарбий махсус операцияни амалга ошириш суръати биринчи навбатда тинч аҳоли ва россиялик ҳарбий хизматчилар учун ҳар қандай хавфни минималлаштириш зарурлигига боғлиқ. Лавров операция вазифалари тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, Украина ҳудудида улар ва Россия Федерацияси учун Ғарб томонидан ҳужумкор қуроллар ва нацизм билан боғлиқ ҳар қандай таҳдидларнинг йўқлигини эслатиб ўтди. камайтиришга фаол ҳаракат қилмоқда”.

“Мен NBC телеканалидаги репортажларни томоша қилдим, Американинг “National Interest” журналини ўқидим. У ерда 1935-1938 йиллардагидек нацистлар билан ноз-карашма қилишдан огоҳлантирувчи жиддий мақолалар чиқа бошлади”, дейди Россия Ташқи ишлар вазири.

Аввалроқ, Сергей Лавров “Al Arabiya” телеканалига берган интервьюсида Россиянинг Украинадаги махсус ҳарбий операцияси барча белгиланган мақсадларга эришилгандан кейин якунланишини айтган эди.

Қайд этиш керакки, сўнгги вақтларда Ғарб матбуоти Россия 9 майда Украинадаги урушда қандайдир ютуқларларга эришганини айтиб, мақсадлар бажарилганини эълон қилиши ҳақида бот-бот ёзмоқда.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

54

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг