Лавров рус сиёсатчиларининг Қозоғистон ерлари ҳақидаги “провокацион нутқлари”га изоҳ берди

Олам

image
0:00
0:00
download

Россия ташқи сиёсатига масъул расмийлар ҳеч қачон Қозоғистон ва у билан тузилган шартномалар тўғрисида провокацион баёнотлар бермаган ва бермайди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Қозоғистоннинг “Хабар 24” телеканалига берган интервюсида айтиб ўтди.

Вазирдан Россия сиёсатчиларининг (аниқ қандай баёнотлар ва одамлар муҳокама қилинаётганини кўрсатмасдан) Қозоғистон ҳақидаги баъзи “провокацион нутқлари”га изоҳ бериш илтимос қилинди.

“Менимча, сиёсатчиларнинг, баъзи парламентарияларнинг бундай шубҳали, қаердадир провокацион баёнотлари демократик ҳаётнинг муқаррар қисмидир. Сизни ишонтириб айтаманки, бизнинг муносабатларимизнинг мавжуд халқаро-ҳуқуқий асосларига путур етказадиган бундай баёнотлар ҳеч қачон ҳақиқий сиёсат кўринишида бўлмайди”, дея жавоб берди дипломат.

Шунингдек, Лавров баҳсли баёнотлар билан ўзига эътибор қаратадиган турли хил сиёсатчилар борлигини, аммо Москванинг ташқи сиёсатини белгилайдиганлар ҳар доим Қозоғистоннинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишини таъкидлади.

Ҳудудий даъво можароси

Эслатиб ўтамиз, “Ягона Россия” партияси аъзоси, Россия Давлат Думаси депутати Вячеслав Никонов телевидениедаги “Катта ўйин” дастурида “Қозоғистон ҳудуди Россия ва Совет Иттифоқининг ажойиб совғаси”, деб айтган эди. 

Жорий йилнинг декабрь ойида "Ягона Россия" партиясининг яна бир аъзоси, Давлат Думаси депутати Евгений Фёдоров Никоновнинг позициясига қўшилди ва бундан ташқари, Қозоғистон ўз ҳудудларини Россияга бериши кераклигини айтди. 

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Марат Сиздиков Россия Федерациясининг муваққат ишончли вакили Александр Комаров билан учрашув чоғида РФ Давлат Думаси депутати Вячеслав Никоновнинг республика ҳудуди тўғрисида ОАВда берган баёнотидан норози эканини билдирди. Россиялик дипломатга Қозоғистон ТИВ томонидан норозилик нотаси топширилди.

Кейинчалик Никонов Қозоғистон Республикаси чегараларига айланган Қозоғистон ССР чегараларини белгилашда Қозоғистон манфаатлари тўлиқ ҳурмат қилинишини тушунтирди

Қозоғистонда рус сиёсатчиларининг баёнотлари салбий қабул қилинди. Баъзи бир рус сиёсатчиларининг Қозоғистонга қарши тез-тез провокацион ҳужумлари давлатлар ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларига жиддий зарар етказаётгани қайд этилди.

Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди баъзи россиялик депутатларнинг баёнотлари Россиянинг расмий позициясига тўғри келмаслигини таъкидлади.

Мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев “Егемен Казахстан” газетаси эълон қилган “Мустақиллик – энг қадрли неъмат” номли мақоласида Қозоғистон ерларига нисбатан бўлаётган қўл узатишларга ҳар қандай йўл билан қарши туриш кераклигини урғулади

Президент мамлакат ерлари чет элликларга ҳеч қандай тарзда сотилмаслигини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Қозоғистон Лавров Тўқаев

Баҳолаганлар

289

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг