Лапорта Умтитига ваъда берган

Спорт 1470
image

Испаниянинг “Барселона” клуби ҳимоячиси Самуэль Умтити ёзда клуб президенти Жоан Лапорта билан учрашган ва жамоани тарк этишни хоҳламаслигини маълум қилган.

“Mundo Deportivo” нашрининг хабарига кўра, француз футболчиси каталонияликлар бош мураббийи Рональд Куманнинг режаларига киритилмаганига қарамай, ёзда “Барселона”дан кетишни истамаган. У ўз позициясини мустаҳкамлаш, шунингдек, вазиятга ойдинлик киритиш учун август ойи ўрталарида Лапорта билан учрашишни сўраган.

Учрашувда Лапортадан ташқари “Барселона” вице-президенти Рафа Юсте ва футбол директори Матеу Алемани иштирок этишган.

Маълум қилинишича, Умтити жамоадаги рақобатни юқори даражада ушлаб туришга қодирлигини таъкидлаган. Бундан ташқари, у ЖЧ-2018дан кейинги ўйинининг пасайишига клуб тиббий ходимларининг тиззасидаги жароҳатни яхши даволай олмаганлигини сабаб қилиб кўрсатган. 

Шундан сўнг, Лапорта Умтитини қўллаб-қувватлашини билдирган. Манбанинг хабарига кўра, Умтити Лапортанинг қувватлашидан кейин Каталония клуби бошлиғини қучоқлаб олиб, йиғлаб юборган. Учрашув тугагач, Лапорта Куман билан Умтитининг жамоадаги ўрни ҳақида гаплашишга ваъда берган.

Маълумот учун, франциялик ҳимоячининг “блаугранас” билан амалдаги шартномаси 2023 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Жорий йилги ёзги трансферлар ойнасида футболчига Лондоннинг “Тоттенхэм” клуби қизиқиш билдирган эди, бироқ каталонияликлар уни сотмаган.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 44
Рейтинг: 2.7
t
×