Кучайтирилган карантин даврида эҳтиёжмандлар қаерга мурожаат қилиши айтилди

Жамият

image

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказларининг фаолияти яна қайта йўлга қўйилади. Бу ҳақда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов брифинг вақтида маълум қилди.

Эҳтиёжманд оилаларга Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг қарорларига мувофиқ, “Маҳалла” фонди ва “Саховат ва кўмак” жамғармаларидан зарур маблағлар ҳам ажратилади.

Жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказлари билан биргаликда манзилли рўйхат асосида зарур озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотларидан иборат моддий кўмак ёрдамларини шакллантиради.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ҳозирча муҳтожлик даражаси ўта юқори бўлган 101 минг 980 нафар фуқаронинг ҳудудлар кесимидаги рўйхати шакллантирилди.

Жойларда шакллантирилган рўйхатларда мавжуд бўлмаган, аммо зарур озиқ-овқат ва дори-дармонга муҳтож бўлган фуқаролар 1197 қисқа рақамли телефон тармоғига мурожаат қилишлари ҳамда ўз эҳтиёжларини баён этишлари мумкин.

Мазкур телефон тармоғи орқали боғланган фуқаролар мурожаати ҳам алоҳида эътиборга олинади ҳамда уларга ҳам зарур ижтимоий ёрдам маҳсулотлари етказиб берилади.

Эслатиб ўтамиз, давлат томонидан ҳозирги кунда 20 кунлик карантин даврида моддий жиҳатдан оғир аҳволга тушиб қолаётган энг муҳтож 120 мингга яқин оилаларни давлат томонидан озиқ-овқат, дори-дармон воситалари ва биринчи эҳтиёж маҳсулотларини етказиб бериш орқали қўллаб-қувватлаш белгиланди. Бунинг учун давлат бюджетидан 20 млрд сўм ажратилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

137

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг