Коронавирус: Тошкентнинг ҳар бир туманида қўшимча поликлиникалар ташкил этилди

Жамият

image

Пойтахт Тошкентнинг 11 та туманида биттадан махсус поликлиникалар ташкил этилди. Бу ҳақда Соғликни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Қайд этилишича, коронавирусга гумон қилинган ҳамда инфекция тасдиқланган беморларга бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш, зарур лаборатор ҳамда инструментал текширувлар ўтказиб, уларга амбулатор даволашни йўлга қўйиш мақсадида пойтахтнинг 11 та туманида биттадан махсус поликлиникалар ташкил этилган. Ушбу поликлиникалар куну тун хизмат кўрсатиши белгиланган бўлиб, ҳар бир марказга 3 тадан тиббий бригада бириктирилган ва улар таркибидан 2 нафар шифокор ҳамда 2 нафар ўрта тиббиёт ходими ўрин олган.

Маълум қилинишича,  беморларга шошилинч тиббий  ёрдам кўрсатиш мақсадида ушбу поликлиникалар рентген, кислород конденсаторлари, пульсоксиметр, зарур дори-дармонлар, сарфлов материаллари, дезинфекцияловчи эритма ва реактивлар, шунингдек махсус тиббиёт воситалари билан таъминланган.

Таъкидлаш лозимки, айни пайтда пойтахтдаги барча оилавий поликлиникалар ушбу поликлиникалар билан интеграция асосида фаолият юритаётган бўлиб, у ерга коронавирус инфекциясига гумондор ҳамда инфекция тасдиқланган шахслар оилавий поликлиникалар йўлланмаси ва “103” хизмати  орқали ёки ўзлари мустақил равишда ҳам мурожаат қилишлари мумкин.

Агар тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилган фуқаронинг шикоятларига кўра, унда коронавирус касаллиги гумон қилинса, беморга ўзи яшайдиган тумандаги махсус поликлиникага бориш тавсия этилади. Бироқ унинг ҳолат ва имконияти бунга монелик қилса, беморнинг уй манзили ёзиб олинади ва у ҳақидаги маълумот махсус поликлиникага тақдим этилади. Сўнг, бемор махсус поликлиника учун ажратилган автотранспорт воситаси ёрдамида у ерга олиб келинади ва белгиланган стандартлар бўйича тиббий-санитария ёрдами кўрсатилади.   

Мурожаат қилганлар орасида COVID-19 инфекцияси тасдиқланмаган беморлар бўлса, улардан керакли таҳлиллар олинади ва тезкор равишда ҳудудий санитария хизмати лабораторияларига етказилади. 

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда, шунингдек, аҳолини мобил автобусда эмлаш йўлга қўйилган. 

Жорий йилнинг 5 июлига қадар Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан  “Ўзэкспомарказ”нинг 1 ва 2 павильонларида ҳамда “Ёшлик” спорт мажмуасида жами 2070 ўринлик коронавирус беморларини даволаш ва тақсимлаш марказлари қайта иш бошлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус

Баҳолаганлар

68

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг