Кореялик таэквондо мураббийси Ўзбекистонда қандай ўлдирилгани ҳақида маълумот берилди

3-саҳифа 36891
image
-

Аввалроқ, Ўзбекистон таэквондо терма жамоаси бош мураббийи, кореялик Ким Жин Йонг вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. QALAMPIR.UZ Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов билан боғланиб, бугунгача ИИВ ва Тошкент шаҳар ИИББ томонидан расмий равишда эълон қилинмаган ушбу ҳолатга аниқлик киритди. 

Ғиёсовга кўра, жорий йилнинг 15 июнь куни соат 04:00 ларда спорт мураббийси 1981 йилда туғилган Ким Жин Йонгнинг Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Дўсмиробод тор кўчасида жойлашган уйида кореялик 1977 йилда туғилган К.Д. меҳмон бўлган. Иккиовлон ўртасида ўзаро можаро келиб чиққан ва К.Д. Ким Жин Йонгга қарата ўткир тиғли жисмни отган. Жисм жабрланувчининг қорнига санчилган. 

Оғир жароҳат олган зудлик билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига етказилган. Унга қорин қисми санчилган-кесилган жароҳати, ингичка ва катта ичакларда бир нечтадан жароҳат, 12 бармоқли ичакнинг тўлиқ кесилиши тўртинчи даражали геморрагик шок ташхиси қўйилган.

Жароҳат олган Ким Жин Йонг шифокорлар томонидан операция қилинган, бироқ у операциядан кейин хушига келмаган. 

Мазкур ҳолат бўйича Ички ишлар идоралари томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси – “Қасддан баданга оғир шикаст етказиш” бўйича жиноят иши қўзғатилган ва 44 яшар К.Д.га нисбатан 104-модданинг 3-қисми “д” банди билан айблов эълон қилинган. К.Д.га нисбатан Чилонзор туман суди томонидан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. 

Маълумот учун, Ким Жин Йонг Ўзбекистон таэквондо терма жамоаси Бош мураббийи сифатида 2020 йилнинг февралидан декабрига қадар фаолият олиб борган. У бугунгача Таэквондо WT федерациясида мураббий бўлиб ишлаган.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1879
Рейтинг: 2.9
t
×