Конституциявий назорат – қонун устуворлигининг муҳим шарти

Жамият

image_2021-04-02_19-35-45

Қонун устуворлиги – адолат мезонининг муҳим шарти ҳисобланади. Қонун устувор бўлмаган жамиятда эса, адолат ҳақида сўз бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун ҳам мамлакатимиз Асосий қонунининг 16-моддаси, иккинчи қисми Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашга даъват этилган бўлиб, унда “Бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас”лиги мустаҳкамланган. Ушбу конституциявий нормага норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ваколатига эга бўлган давлат ҳокимияти органлари томонидан риоя этилиши Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди томонидан назорат қилинади.

Қонун чиқарувчи ёки ижро ҳокимиятининг қарорлари ҳар доим ҳам адолатли бўлавермайди, улар аризачи ёки шикоятчини қониқтирмаслиги мумкин. Бундай пайтда фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилса, қарорлар устидан судга арз қилиш зарурати туғилади. Баҳсли вазиятни ҳал этиш учун суд жараёни бошланади. Фақат суд ҳокимияти адолат масаласини ҳал этиб беради.

Халқаро тажрибада Конституциявий суд юрисдикцияси ўзининг кўп йиллик тарихига эга. Манбааларда 1803 йилда Мерберининг Медисонга қарши кўрилган иши конститутциявий юрисдикциянинг, ҳозирги замон тушунчасидаги қонунлар устидан конститутциявий назоратнинг бошланиши деб эътироф этилади. Агар Конгресс томонидан қабул қилинадиган қонунлар АҚШ Конститутциясига зид бўлса, ижро этилмаслиги мумкинлигини ўшанда АҚШ Олий суди биринчи марта тан олган эди.

Ўзбекистонда конституциявий назорат институтининг пайдо бўлиши мустақилликни илк даврларидан, яъни ўтган асрнинг 90-йилларидан бошланади. Юридик адабиётларда Конституциявий назорат комитетини ташкил этилишига Ўзбекистонда Конституциявий мустақиллик йўлида ташланган қадам, деб таъриф берилиши ўша вақтларда Конституциявий назоратнинг ўрнатилиши нечоғлиқ муҳим бўлганлигини тасаввур қилиш имконини беради.

Мустақилликдан бир йил олдин Олий Совет “Ўзбекистон ССР Конституцион назорат комитети раисининг ўринбосарини, комитет аъзоларини сайлаш ҳақида”ги қарор қабул қилди. Шу тариқа, бугун амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига асос солинди. Бугун фаолият юритаётган мамлакатимиз Конституциявий судини ҳақли равишда мустақиллик тенгдоши деб айтсак муболаға бўлмайди.

“Ўзбекистон Республикасининг Конститутциявий суди тўғрисида”ги Қонун дастлаб 1993 йил 6 майда қабул қилинган. Шу вақтда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг қарори билан Конститутциявий суднинг ваколати вақтинчалик конституциявий назорат Қўмитаси зиммасига юклатилган.

Бугун фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди 1995 йилнинг 30 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конститутциявий суди тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ташкил этилган. 20 йилдан ортиқ вақт давомида ушбу қонун Конституциявий суд фаолиятини ҳуқуқий асоси сифатида амалда бўлиб келди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси бутун жамиятда бўлгани каби Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолияти самарадорлигини ошириш, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масаласини кун тартибига олиб чиқди. Айнан шу зарурат 2017 йил 31 майда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун қабул қилинди. Ушбу қонунда Конституциявий суд ваколати доираси кенгайтирилиш билан бирга судьяни ваколат муддати, судья лавозими номзодига қўйиладиган талаблар, уларнинг ваколат муддатлари билан боғлиқ қатор нормалар жорий қилинди. Бироқ Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари кун тартибидан тушмади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4551-сонли қарорида, Конституциявий судга масалалар киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доирасини Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик суъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, шунингдек, фуқаролар ва юридик шахсларни киритиш орқали кенгайтириш; Конституциявий судда иш юритишнинг процессуал хусусиятларини (судга масала киритиш тартиби, суд муҳокамаси, муддатлари, суд қарорларининг ижроси ва бошқаларни) тартибга солувчи нормаларни киритиш назарда тутилди. Жорий йилнинг 12 март куни Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланиб, тегишли тартибда Президент томонидан имзоланганидан сўнг, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонунининг янги таҳририда юқоридаги масалалар ўз ечимини топади.

Ушбу конституциявий қонуннинг энг муҳим янгилиги нимада? Эътиборингизни шунга қаратсак.

Албатта, янги таҳрирдаги қонунда Конституциявий судда иш юритишнинг барча процессуал босқичларини, яъни мурожаатларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва ўрганиш, ишни кўриш учун қабул қилиш, суд ишларини юритиш иштирокчилари ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, суд муҳокамаси, суднинг қарорлари, суд мажлисининг баённомаси ва бошқа ҳаракатларни конституциявий қонун даражасида белгилангани унинг муҳим ютуғи ҳисобланади.

Шунингдек, юқорида номи қайд этилган Президент қарорига биноан Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доираси мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоячилари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳисобига кенгайганлигидир.

Янги таҳрирда тайёрланган Конституциявий қонуннинг таянч нуқтаси “Агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса, фуқаролар ва юридик шахслар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақли” деган норма бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Албатта, биз буни конституциявий қонуннинг таянч нуқтаси сифатида бежиз келтирмаяпмиз. Чунки, авваллари фуқароларга бундай ҳуқуқ берилмаган эди. Уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган қонунларни Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоятлари эса, Конституциявий суднинг учта судья томонидан ўрганиб чиқилиб, лозим топилганда Конституциявий суд муҳокамасига киритилган. Агар, улар буни лозим топмаса, мурожаат муаллифига фақат тушунтириш бериш билан кифояланган. Таъбир жоиз бўлса, бундай тартиб фуқароларни ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқидан билвосита бўлсада маълум маънода маҳрум қилган. Эндиликда бундай ҳолатларга қонунда чек қўйилди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкин, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонунининг янги таҳрирда қабул қилиниши Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда - мамлакатда демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш учун ҳаётимизнинг барча жабҳаларида конституциявий назоратни кучайишига, бу эса пировард натижада инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, унинг шаъни, қадр-қиммати, мол-мулкининг дахлсизлигини сақлаш, фуқароларнинг меҳнат қилиш, таълим олиш, тиббий ёрдамдан фойдаланиш каби энг асосий ҳуқуқларини тўла таъминлаш имконини беради.


Абдуманноб Раҳимов, Ўзбекистон
Республикаси Конституциявий суди 
котибиятининг мудири,юридик
фанлар номзоди


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

17

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг