Коньяда қаҳрамонлик кўрсатган спортчилар тантанали равишда кутиб олинди

Спорт

image

Кеча, 19 август куни Туркиянинг Конья шаҳрида бўлиб ўтган V Ислом бирдамлиги ўйинларида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган спортчилар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов, Президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Президент матбуот котиби Шерзод Асадов, Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти Салим Абдувалиев, журналистлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Маросим аввалида, Шерзод Асадов Президент Шавкат Мирзиёевнинг спортчи йигит-қизларга йўллаган табрикномасини ва “Конья шаҳрида бўлиб ўтган V Ислом бирдамлиги ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар ҳамда уларнинг мураббийларини бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантириш тўғрисида”ги Президент қарорини ўқиб эшиттирди.

Шундан сўнг, Бош вазир Абдулла Арипов сўзга чиқиб, Ислом бирдамлиги ўйинларидаги тарихий ғалаба Ўзбекистон Президентининг спортга бўлган алоҳида эътибори ва ғамхўрлигининг меваси эканлигини айтди.

“Ислом бирдамлиги ўйинларида иккинчи ўринни олиш бу жуда ҳам катта ғалаба. Ҳурматли Президентимиз айтганларидек, юртини севадиган, халқига, ватанига садоқат билан яшайдиган спортчиларгина ғалабага эриша олади. Албатта, сизларнинг ғалабангиз Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқи учун мустақилликнинг 31 йиллик байрамига ажойиб туҳфа бўлди. Бу ғалабага осонликча эришилгани йўқ. Айтиб ўтишим керакки, охирги 6 йил давомида ҳурматли Президентимизнинг спортга бўлган эътибори, ғамхўрликлари ва яратиб берган шароитлари натижасида энг муҳим комплекс мусобақалардан бири бўлмиш Ислом бирдамлик ўйинларида иккинчи ўринни қўлга киритилди” деди Арипов.

Шунингдек, ҳукумат раҳбари Ислом бирдамлиги ўйинларидаги ғалабалар Париж-2024 Олимпиадаси олдидан ташланган яхши қадамлар бўлганини алоҳида қайд этди.

Ўз навбатида, спортчилардан дзюдо бўйича мусобақа ғолиби Музаффар Тўрабоев ҳамда енгил атлетика баҳсларида чемпион бўлган Шарифа Давронова, мураббийлар номидан оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Баҳром Мендибоев сўзга чиқди. Улар ушбу ғалабалар замирида Президент  Шавкат Мирзиёев ва давлатнинг спортга қаратаётган эътибори тургани ҳақида тўхталиб, келгусида ҳам билдирилган ишончни оқлаган ҳолда, халқаро майдонда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишга ваъда беришди.

Маълумот учун, Ислом бирдамлиги ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар 51 та олтин, 42 та кумуш ва 65 та бронза медалига сазовор бўлди. Якунда умумий ҳисобда 158 та медал жамғарган Ўзбекистон делегацияси жадвалда иккинчи поғонани банд этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ислом бирдамлиги ўйинлари

Баҳолаганлар

196

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг