Компенсация эвазига ерни олиб қўйиш тўғрисидаги янги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Жамият

image

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Мазкур Қонун лойиҳасининг мақсади жисмоний ва юридик шахсларга эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши ҳамда ушбу ер участкаси ва унда жойлашган кўчмас мулк объектларининг ҳуқуқ эгаларига компенсация бериш тартиб-таомилларини белгилашдан иборат.

Қонун лойиҳасида ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши қуйидаги принциплар асосида амалга оширилиши белгиланди:

•    мулк ҳуқуқининг устуворлиги;

•    хусусий мулкнинг дахлсизлиги;

•    олиб қўйилган ер участкасидан мақсадли фойдаланиши;

•    қонунийлик;

•    очиқлик ва шаффофлик;

•    компенсациянинг кафолатланиши.

Қонун лойиҳаси қабул қилинган тақдирда у жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини компенсация эвазига олиб қўйишни тўғридан-тўғри тартибга солувчи яхлит норматив-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб ҳисобланади.

Қонун лойиҳаси 7 боб ва 42 моддадан иборат бўлиб, у қуйидаги янги нормалар ва механизмларни ўз ичига олади:

•    ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши мумкин бўлган аниқ ҳолатларнинг тугал рўйхати;

•    Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг ер участкасини компенсация эвазига олиб қўйиш ташаббусини дастлабки тарзда кўриб чиқиш бўйича мажлислари оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилиши;

•    очиқ муҳокама оммавий ахборот воситалари иштирокида ўтказилиши ва уларнинг иштироки ташаббускор томонидан таъминланиши шартлиги;

•    ташаббускор томонидан очиқ муҳокама ўтказилиши жараёнининг мажбурий тартибда аудио- ва видео қайд қилиниши таъминланиши;

•    очиқ муҳокамани ўтказиш жойи кўпчилик ҳуқуқ эгаларининг яшаш жойига яқин бўлиши кераклиги, ҳуқуқ эгаларининг учдан икки қисми қатнашганда очиқ муҳокама ўтказилган ҳисобланиши;

•    ташаббускор ҳуқуқ эгаларига очиқ муҳокамада онлайн қатнашиш имкониятини яратиши шартлиги;

•    компенсация берилганидан сўнг кўчмас мулк объектини олти ой мобайнида бўшатиб қўйишга имконият берилиши;

•    компенсация сифатида бошқа турар жой берилганда ижтимоий нормани ҳисоблаш қоидалари;

•    битта маҳалла ёки кўчада яшовчи ҳуқуқ эгалари ва уларнинг оила аъзоларига қулай шарт-шароитлар яратиш ва маданий қадриятларини сақлаб қолиш мақсадида, ҳуқуқ эгаларининг хоҳишига кўра битта маҳалла ёки кўчада жойлашган янги уйлар (битта кўп қаватли уйдаги квартиралар) берилиши мумкинлиги;

•    компенсация ўз вақтида ва тўлиқ берилишининг доимий мониторинги Кўчмас мулк объектлари Давлат реестри ягона электрон ахборот тизими орқали амалга оширилиши;

•    олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан қабул қилиниши;

•    Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ва олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисида қабул қиладиган қарорлари адлия органлари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, ижобий ҳуқуқий хулоса берилгандагина қабул қилиниши мумкинлиги;

•    низоларни ҳал қилишнинг муқобил усулларидан фойдаланиш имкониятларини таъминлаш, судларнинг иш ҳажмини камайтириш, шунингдек низоларни қисқа муддат ичида ҳал қилиш мақсадида низоларни дастлаб судгача бўлган тартибда ҳал қилишга кўмаклашиш Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузурида ташкил этиладиган компенсация комиссиялари томонидан амалга оширилади;

•    ер участкасини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши тўғрисидаги қарор қабул қилиш юзасидан ўтказиладиган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг мажлисларида ташаббускор ва ҳуқуқ эгалари ичидан вакил ёки вакиллар иштирок этиши шартлиги, мажлисларда ташаббускор ва ҳуқуқ эгалари ичидан вакил ёки вакиллар ўз фикр ва мулоҳазаларини, эътирозларини билдиришга, тегишли тушунтиришлар олишга ҳамда ер участкасини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши тўғрисида қарор қабул қилиш бўйича депутатлар томонидан овоз бериш жараёнини кузатишга ҳақли эканлиги;

•    ер участкаси компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши ва олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектини бузиб ташланиши тўғрисидаги қарорларни қабул қилишнинг аниқ қоидалари;

•    маданий мерос объектлари жойлашган ёки уларга туташ ҳудудда жойлашган ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш талаблари;

•    ҳуқуқ эгаси билан келишувга эришилмаган тақдирда, ҳуқуқ эгасини келишувни имзолашга мажбур қилиш мақсадида унга тегишли бўлган мулкни эркин тасарруф этишига тўсқинлик қилувчи хатти-ҳаракатларга, шу жумладан турар жойни коммуникация воситаларидан узиб қўйиш, кўчмас мулк объектига кириш ва чиқиш йўлларини тўсиб қўйиш, муносиб ҳаёт кечиришига тўсқинлик қилувчи шароит яратишга йўл қўйилмаслиги ва бошқалар.


Мақола муаллифи

Теглар

ер компенсация

Баҳолаганлар

73

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг