Комилов Доҳада “Толибон” вакили билан учрашди

Жамият

image

Қатар пойтахти Доҳага амалий ташриф билан келган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация кеча, 10 апрель куни Қатардаги “Толибон” ҳаракати сиёсий ваколатхонаси раҳбари мулла Бародар Ахунд билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, учрашув давомида Афғонистонда барқарор ва узоқ муддатли тинчлик ўрнатиш мақсадида тинч сиёсий жараённи илгари суриш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинган.

Мулла Бародар Афғонистон муаммоларига доимий эътибор қаратаётгани учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий миннатдорлик билдирган. Бундан ташқари, “Толибон” ҳаракати раҳбарияти вакили, Ўзбекистоннинг Афғонистонда транспорт ва энергетика соҳаларида муҳим иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ташаббусларини мамнуният билан қўллаб-қувватлаган.

Бародар Ахунд , айниқса, Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган йирик инфратузилма лойиҳалари нафақат Афғонистоннинг иқтисодий ривожланишига, балки мамлакатда тўлақонли тинч сиёсий жараённи бошлаш учун зарур шарт-шароитларни яратишга хизмат қилишини таъкидлаган. Шу ўринда, Афғонистон келажакда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида “ишонч ва ҳамкорлик кўприги”га айланиши мумкинлиги билдирилган.

Шунингдек, Доҳада Абдулазиз Комилов Қатар давлатининг Афғонистон бўйича махсус вакили Мутлақ бин Мажид ал-Қаҳтоний билан учрашган.

Томонлар афғонлараро инклюзив музокараларни давом эттириш орқали Афғонистондаги сиёсий тинчлик жараёнини илгари суриш бўйича ўзаро муносабатларнинг долзарб жиҳатларини муҳокама қилган.

Қайд этилишича, Афғонистонда барқарор тинчликни ўрнатишга кўмаклашиш учун халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳим саналади.

Мутлақ бин Мажид ал-Қаҳтоний, шунингдек, Афғонистонда Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган инфратузилма лойиҳаларининг қўшни мамлакат иқтисодиётини тез суръатда тиклашда муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлаган.

Бундан аввал Абдулазиз Комилов Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф, Покистон бош вазири Имрон Хон ва Ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший билан учрашгани ҳақида хабар берилганди.

Маълумот ўрнида, Афғонистон ҳукумати ва Толибон ўртасида тинчлик музокаралари 2020 йил 12 сентябрда Қатар пойтахти Доҳада бошланди.

Афғонлараро музокараларнинг бошланиши, Ҳукумат ва "Толибон"нинг музокара столига келишида Ўзбекистон, хусусан Президент Мирзиёевнинг иштироки катта. Мирзиёев иқтидорга келган илк кунларданоқ дунё ҳамжамияти олдига афғон муаммосини яна кўндаланг қўйди. У 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлаб, Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли — марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш эканини таъкидлади. 

2018 йил 27 март куни "Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик" мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси бўлиб ўтди.

2020 йилнинг 12 сентябрь куни Қатар пойтахти Доҳада Афғонистон Ислом Республикаси Ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати ўртасида музокаралар бошланди. Бу Афғонистонда тинчлик ва осуда ҳаёт учун қўйилган яна бир улкан қадам, дейиш мумкин. Ўзбекистон 40 йилдан зиёд вақт давомида Афғонистонда давом этаётган уруш, нотинчлик ва ўзаро муаммоларни афғон халқининг ўзи ўз иродаси билан ҳал этиши тарафдори. 

2020 йилнинг 29 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида яна афғон муаммосига тўхталиб, шундай деган эди:

"Биз қўшни Афғонистон заминида тинчлик ўрнатилишига қатъий ишонамиз ва бу эзгу йўлда амалий ёрдамни бундан кейин ҳам аямаймиз".

Ўтган йилларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, яқин қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш, қўшнинг тинч – сен тинч деган азалий қадриятга асосланган ислоҳотлари натижасида афғон муаммосини ҳал этишда олдинга силжиш кузатилди. Бунинг самарасини 2020 йилнинг 29 февраль куни Қатарнинг Доҳа шаҳрида Америка Қўшма Штатлари ва "Толибон" ҳаракати ўртасида тинчлик сулҳи имзоланганида ҳам кўриш мумкин. Сулҳда АҚШ 19 йил деганда ўз ҳарбий кучларини афғон диёридан олиб чиқиб кетиши, “Толибон” ҳам қуролли ҳаракатларни тўхтатиши белгиланди. 

2020 йилнинг 12 сентябрь куни Доҳада бўлиб ўтган музокаралар эса афғон халқининг ва ниҳоят тинч ва фаровон ҳаётга қовушишидан далолат берди. “Толибон” ҳаракатининг Қатардаги сиёсий ваколатхонаси раҳбари Мулла Абдулғани Биродар ўзбекистонлик журналистлар билан суҳбатлашиб, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва мамлакат иқтисодиётини тиклаш борасида расмий Тошкентнинг фаоллигини алоҳида эътироф этди. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида Доҳада яна тинчлик музокаралари бошланди. Унда иштирок этаётган "Толибон" вакиллари турли сабабларга кўра музокараларни тарк этган эди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

81

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг