Кобулда портлаш: мактаб ўқувчилари ҳалок бўлди. Ғани “Толибон”ни айбламоқда

Олам

image

Кеча, 8 май куни Афғонистон пойтахти Кобулда қатор портлашлар юз берди. Оқибатда камида 40 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Reuters” ёзмоқда.

Маълум қилинишича, воқеа шаҳар мактабларидан бирида содир бўлган ва вафот этганларнинг асосий қисмини 11-15 ёшдаги ўқувчи қизлар ташкил этган.

Афғонистон Ички ишлар вазирлигига кўра, ушбу портлаш оқибатида камида 52 киши жароҳат олган. Уларнинг кўпчилиги мактаб ўқувчилари.

Афғонистон Президенти Ашраф Ғани воқеани теракт (террорчилик ҳаракати) деб баҳолаган ва бунда “Толибон” ҳаракатини айблаган. Бунга жавобан, “Толибон” ўзларининг портлашларга алоқаси йўқлигини айтиб, воқеани қоралаган.

Ҳозирча ҳеч ким портлашлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади.

Эслатиб ўтамиз, май ойининг бошида мамлакатнинг Логар вилоятида ҳам бомба портлаши оқибатида камида 30 киши ҳалок бўлди ва 60 га яқин одам жароҳат олди. Бу воқеа Америка коалицияси қўшинларининг Афғонистондан чиқарилиши бошланган куннинг эртасига содир бўлган.

Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолаганди. Келишувларга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. 

Бироқ, бу жараён Америка томонидан кечиктирилди. 14 апрель куни мамлакат Президенти Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунлангани ва 1 майдан бошлаб мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, Қўшма Штатлар бу давлатдаги ҳарбийларини 2021 йил 11 сентябрга қадар олиб чиқиб кетади. Афғонистон расмийларига кўра, ўшандан бери “Толибон” мамлакат бўйлаб ҳужумларни кучайтирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Кобул “Толибон”

Баҳолаганлар

205

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг