Хоразмшоҳлар салтанати қулаши ёхуд Жалолиддин Мангубердининг қотили ким эди? (3-қисм)

Таҳлил

image

Куни кеча эълон қилинган “Мўғулларнинг Хоразмга босқини сабабчиси ким ёхуд Чингизхоннинг Худога ноласи”, номли тарихий мақоламизда мўғулларнинг Хоразмшоҳлар давлатига қилган босқинчилик юриши ҳақида маълумот берган эдик. Галдаги тарихий фактларга асосланган мақоламизда султон Жалолиддин Мангубердининг мўғул босқинчиларига қарши кураши ҳақида сўз юритамиз.  
 
Чингизхон ўз саркардаларига Хоразмшоҳ Муҳаммадни тириклайин қўлга олишни буюрган эди. Султон Аловиддин 1220 йилнинг декабрь ойида вафот этгач, орадан бир мунча вақт ўтиб, Жалолиддин Мангуберди отасининг жасадини Ардаҳн қалъасига олиб бориб, дафн этади. Бундан хабар топган мўғуллар тезда Ардаҳнга ҳужум қилишади. Қалъа забт этилганидан сўнг, ўз вақтида султонни тириклайин қўлга тушира олмаган мўғуллар унинг жасадини кавлаб олиб, Чингизхоннинг ўғли Ўқтойга юборишган. Ўқтой эса унинг мурдасини ёқиб юборишни ҳамда кулини кўкка совуришни буюради. 

Урганч қамали

Чингизхон Мовароуннаҳрнинг асосий қисми Сирдарё ҳавзаси, Зарафшон, Қашқадарё, Бухоро воҳаси, Шош ва Фарғона водийсини эгаллаб олгач, ўзининг асосий эътиборини хоразмшоҳлар давлатининг маркази ҳисобланган Хоразм ўлкасига қаратади. Бу юришга ўғиллари Жўчи, Чиғатой, Ўқтойни масъул қилади. Чингизхон, айниқса, шарқнинг энг йирик шаҳарларидан бири бўлган, Урганч (Гурганж) истилосига катта аҳамият қаратади.

Урганчга мўғулларнинг катта қўшини бостириб келаётганини эшитган шаҳзодалар Ўзлоқшоҳ ва Оқшоҳлар шаҳарни ташлаб қочадилар. Аммо, улар Нисо шаҳри яқинида душманга асир тушиб, иккиси ҳам қатл этилади. Мўғуллар қатл қилинган шаҳзодаларнинг каллаларини найзага ўтказиб, маълум вақт Хуросонда намойишкорона кўтариб юришади.   

Шаҳзодалар Урганчни ташлаб кетишгач, шаҳар ҳимоясини қўрқоқ ва амалпараст Хумортакин ўз қўлига олади. Орадан кўп вақт ўтмай мўғулларнинг 50 минг кишилик лашкари Урганчни қамал қилади. 1221 йилнинг бошидан бошланган Урганч қамали деярли 7 ой давом этади. Урганч аҳолиси мўғулларга қарши мардонавор курашадилар. Жанг вақтида ўз замонасининг буюк алломаси бўлган. 76 ёшли Шайх Нажмиддин Кубронинг кўрсатган жасорати тилларда достон бўлади. Чингизхон Нажмиддин Куброни яхши билар эди. У Урганчга ҳужум қилишдан олдин шайхга хабар юбориб, шундай дейди: 

“Маслаҳатим шуки, сиз у ердан ташқарига чиқсангиз дарвешларингизга зиён-заҳмат етказилмагай”. 

Нажимиддин Кубро Чингизхонга шундай жавоб қилади: 

“Мана, етмиш йилдирки, Хоразм халқи билан яшаб келмоқдаман. Бугунги кунда қазойи бало жазосини юборди. Уларнинг калласида мурувват деган нарса бўлмайдики, орасидан қочиб ўзимни бир чеккага олсам. Балки, улар билан бирга беғамона яғмога дучор бўлганим тузукроқ бўлар. Балоларга ҳам улар билан ёр бўлсам”. 

Мирзо Улуғбек Шайх Нажимиддин Кубронинг жавобларини шарҳлаб шундай ёзади:

“Етмиш йилдирки, Хоразмда хушҳол яшайман. Тақдир муруввати шуни тақозо қиладики, келган балога тан бергум гоҳо. Қонимни шу ерда тўкадиган бўлишса, Тангри фармонидан қочмагум. Қийна олови ёнган экан, Уруганчда ҳўлу қуруқ ёнди. Шоҳ лашкари ўқу тиғ билан банд, дононинг нодон ҳоли билан иши йўқ. Унинг бошини кесмасанг яхши бўларди, деган пандни мўғулнинг эшитгиси йўқ. Қазо тиғи тақдир туфайли ўткирлашган экан, кекса-ю ёшнинг боши кесилди”.

Даҳшатли қирғин етти ой давом этади. Қўлида қурол ушлашга мажоли қолмаган Шайх Нажмиддин Кубро шаҳар ҳимоячиларига қарата “Ё Ватан, ё шарафли ўлим”, деб хитоб қилади. Жароҳатланган Шайх ўлими олдидан туғ тутган мўғул аскарига ташланиб, уни тортиб олган ва бир қўлида туғни маҳкам тутганча жон беради. Урганч таслим бўлгач, шаҳар ёндирилади, ҳамда барча тирик жон қиличдан ўтказилади. Тарихчи Жувайнининг маълумотларига кўра, 100 минг нафар ҳунарманд, косиб, рассомлар асирга олиниб, Мўғулистонга жўнатилган экан. Ёзма манбаларда ёзилишича, мўғуллар асир олинган аёлларни яланғоч қилиб, икки гуруҳга бўлиб уруштиришган. Сўнгра, мўғул аскарлари ўзига ёққан аёлни танлаб маишат қилган экан. 

Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Чингизхон ўз хизматкорларидан “Хоразмшоҳ Муҳаммаднинг хазинасида бўлган араб ва ҳинд мамлакатларидан келтирилган қимматбаҳо тошлар топилдими”, деб сўрайди. Бу тошлар асосан учта бўлиб, бири “Бадахшон” иккинчиси “ Шуълайи жаҳон” ва учинчиси “Ганг” деб аталган. Урганчнинг хазинабони бу қимматбаҳо гавҳартошларни вазирлардан бири ютиб юборганини айтади. Шунда, Чингизхон асирликда ушлаб турилган ўн уч нафар вазирни ҳовлига олиб чиқиб, ерга босиб, қоринларини балиқдек ёришни буюради. 

Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” китобида ушбу ҳолат шундай ёритилган:

“Мўғуллар барча вазирларнинг қорнини ёриб, ичак-чавоқлари титкилаётган бир пайтда, навкарлардан бири қичқириб ўрнидан туради. Топдим! Мана, бебаҳо гавҳартош! Дарҳақиқат Ал-Мулк деган тижорат вазирининг қорнидан ўрик данаги катталигида “Шуълайи жаҳон” билан “Ганг” гавҳарлари топилади. 

Урганч шаҳри босиб олинганда ҳар бир мўғул жангчисига 24 тадан асир бўлиб берилган экан. Мўғуллар шаҳарнинг кулини кўкка совуриш билан бир қаторда, шарни буткул йўқ қилиш учун Амударёдаги сув тўғонини бузиб, сувни Урганчга буриб юборадилар. 

Султон Жалолиддин Мангубердининг жасорати

Урганчни тарк этган Жалолиддин ва Темур Малик тезда Нисо шаҳрига етиб келишгач, бу ерда мўғулларнинг 700 кишилик кичик лашкари билан тўқнашадилар. Кучлар тенг бўлмаса-да, Жалолиддин душманни мағлуб этади. Сўнгра, Нисодан Нишопурга ва у ердан Ғазна томон от чоптиради. Жалолиддин Ғазна шаҳрига етмасдан яқин орадаги Ҳирот ҳокими ҳамда қайнотаси бўлмиш Амин Малик билан учрашади. Улар билан биргаликда Қандаҳор қалъасини қамал қилаётган мўғуллар устига юриш қиладилар. Жалолиддин бу курашда ҳарбий илм тарихида илк бора “пиёда ёяндозлар”ни мўғулларнинг отлиқ аскарларига қарши қўяди. Инглизлар кейинчалик бу ҳарбий усулга юқори баҳо бериб, ўзларининг “Кресс” ёнидаги машҳур жангларда ундан фойдаланишади. Уч кунлик жангдан сўнг мўғуллар мағлуб этилади. Шундан сўнг, Жалолиддин Ғазна томон йўл олади. У 1221 йилнинг февраль ойида Ғазна шаҳрига етиб келади. Тарихий манбаларда қайд этилишича, Ғазна халқи султон Жалолиддинни катта тантана билан кутиб олган экан. Жалолиддин Нишопур, Нисо ва Ғазна атрофида мўғулларни мағлубиятга учратганини эшитган Чингизхон бундан ташвишга туша бошлайди. 

Жалолиддин Мангуберди Ғазнага етиб келганда, Хоразмшоҳнинг тарқалиб кетган қўшини унинг атрофига тўплана бошлайди. Ғазнада Жалолиддиннинг хизматига Сайфиддин Ўғроқ Ал-Халажий, Балх ҳокими Аъзам Малик, афғон қабилалари сардори Музаффар Малик ва қарлуқлар раҳбари Ал-Ҳасан қарлуқ ўз қўшинлари билан қўшиладилар. Тарихий манбаларга кўра, жамланган лашкарнинг жами сони  90-130 минг киши атрофида бўлган. Султон бу қўшин билан Волиён қалъаси атрофидаги мўғулларнинг Бекчак ва Тимқур бошлиқ қўшинни яксон қилади.

Чингизхон бу шум хабарни эшитиб, ўзининг энг ишонган лашкарбошиси Қайқур нўён (Шики Хутуху) бошчилигида 30 минг кишилик қўшин юборади. Жалолиддин Мангуберди ва Шики Хутуху ўртадаги тўқнашув 1221 йилнинг ёзида Парвон даштида бўлиб ўтади. Бу жангда султон Жалолиддин мўғулларга қарши янги тактик усулни қўллайди. Султон ўз лашкарига отдан тушиб, от жиловини белларига боғлашни ва камон билан душманга қарши жанг қилишни буюради. Тун қоронғусига қадар давом этган олишувда икки томоннинг бирортасига зафар кулиб боқмайди. Эртаси куни Қайқур нўён ҳарбий ҳийла ишлатмоқчи бўлади. У душманни янги кучлар келиб қўшилди, деб ишонтириш мақсадида кигиз ва чопонлар орасига хашак тиқиб, “сунъий аскарлар” ясаб уларни отлар устига ўтқазиб қўяди. Бу ҳийла Жалолиддин қўшинини дастлаб ваҳимага солади. Ҳатто, баъзи саркардалар чекинишни маслаҳат берадилар. Аммо, султон оғирлик ва босиқлик билан аввалги кундаги тактика асосида отдан тушиб курашишга буйруқ беради. Мўғулларнинг бир неча ҳужумлари қайтарилгач, Жалолиддиннинг буйруғи асосида қўшин чалинган карнай садолари остида отларга миниб, душманга ҳамла қилади. Жангда султон Жалолиддиннинг қўли баланд келади. Шики Хутуху тирик қолган одамлари билан Чингизхон ҳузурига бориб, Жалолиддин Мангубердининг қандай жанг қилганини сўзлаб беради. Ғазабланган мўғул хоқони ўзининг барча қўшинини тўплаб, шахсан ўзи султоннинг устига бостириб боради. 

Қўшинидаги парокандалик 

Парвон даштидаги ғалабадан сўнг, ўлжани тақсимлаш вақтида саркардалар ўртасида ўзаро низо келиб чиқади. Ўлжа олинган бир араб от учун Хоразмшоҳнинг мўтабар амирларидан Сайфиддин Ўғроқ ва Ҳазора малиги Амин Малик жанжаллашиб қоладилар. Қизишиб кетган Амин Малик тортишув вақтида Ўғроқнинг бошига қамчи билан туширади. Султон Жалолиддин юзага келган бу низони бартараф қилолмайди. Хафа бўлган Сайфиддин Ўғроқ 30 минг аскари билан кетиб қолади. Қабали туркам ва халаж сипоҳлари ҳам султондан юз ўгирадилар. Натижада, Жалолиддиннинг қўшини кучсизланиб қолади. Бу вақтда Чингизхон катта қўшин билан икки ўртадаги масофани жуда тез фурсатда босиб ўтиб, Ғазнага етиб келади ва Жалолиддинни таъқиб қила бошлайди. Чингизхоннинг улкан қўшинига қарши тура олмаслигини билган султон Синд (Ҳинд) дарёси томон чекинади. Мўғул хоқони Синд дарёсига яқинлашганида Жалолиддинни кейинги кун дарёни кечиб ўтмоқчи эканлигини эшитиб, Чингизхон шу кечанинг ўзида султоннинг йўлини тўсади. У Жалолиддин қўшинининг орқа қисмига етиб олиб, уни тор-мор қилади. Мўғул қўшинлари тезда султон лашкарини қуршаб олади. 

Мирзо Улуғбек ўзининг “Тўрт улус тарихи” китобида шундай ёзади:

“Султон Жалолиддин Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ ўзини сув ва олов ўртасида кўрди. Бир тарафда кескир қиличлар олов сочарди, бошқа тарафда эса қонхўр дарё турарди. Ҳеч бир томондан чиқиб кетишнинг иложи йўқ эди. Ноилож жангга киришди. Баҳодирлик отини жанг майдонига солиб, татар кофирларни кўпини ҳалокат тупроғига қорди ва ҳеч бир кулфатсиз жанг қилдики, агар Рустам достони тирик бўлганда, унга бўлган муҳаббат ёпиғини ўз елкасига солган бўларди”.

Чингизхон ўз қўшинига Жалолиддинни тириклайин қўлга олишни буюради. Султон ўзининг 700 нафар жангчиси билан мўғулларнинг илғор қисмини енгади. Аммо, Чингизхоннинг қўшини беҳисоб эди. Шунда султон Жалолиддин вазиятнинг ғоят оғир ва мушкуллигини ҳисобга олиб, рафиқаси, онаси ва фарзандларини душман қўлига асир тушмаслиги учун уларни Синд дарёсига чўктиради. Чунки ўша куни мўғуллар Жалолиддиннинг 7 ёшли ўғлини асир олиб, унинг юрагини тириклайин суғуриб олган эдилар. Шундан сўнг, султон оти билан сувга сакраб, дарёнинг нариги қирғоғи – Ҳиндистон томонга сузиб ўтади.

Тарихчилардан Жувайний, Рашидиддин ва бошқаларнинг ёзишларига қараганда, Жалолиддиннинг жасоратига қойил қолган Чингизхон ўз ўғилларига қарата “Отанинг фақат шундай ўғли бўлиши лозим. У оловли жанг майдонидан ўзини қутқариб, ҳалокатли гирдобдан нажот қирғоғига чиқдими, ундан ҳали улуғ ишлар ва қиёматли исёнлар келади!”, дейди ва унинг орқасидан таъқиб этишни тақиқлайди. 

Жалолиддин Ҳиндистонда 1223 йилнинг охирларигача бўлади. У ерда    қўшин тўплаб, хоразмшоҳларнинг азалий мулки бўлган Ироқ ва Эронни ўз измига киритиш, мўғулларга қарши курашни давом эттириш мақсадида 1224 йилда йўлга отланади. Султон Жалолиддин мўғулларга қарши биргаликда кураш олиб бориш мақсадида Бағдод халифаси Аз-Зоҳир сўнгра, Ал-Мунтасир ва бошқа Ислом султонларига мурожаат қилади. Лекин Жалолиддиннинг ҳокимияти кучайиб кетишидан чўчиган кўпчилик мусулмон ҳоким, ҳукмдорлар у билан иттифоқ тузишни хоҳламайдилар. 1230 йил 10 август куни Кўния султони, Химс ҳокими, Ҳалаб ҳокими, Маяфариқин ҳокими ва Байнас ҳокимларининг бирлашган иттифоқи Жалолиддинни мағлуб этади. Кейинчалик султон Маяфариқин (ҳозирги Туркиянинг Силван вилояти) яқинида Айнаддар қишлоғига келади. Ушбу тоғлик қишлоқда у курдлар қўлига тушиб қолади. Жалолиддин ўзини “султон” деб таништиргандан сўнг, уни курдлар ўлдиришга жазм этмайдилар. Курдлар раҳбари хонадонидан жой олган, ҳориб-толган Жалолиддинни бошқа бир курд ўлган инисининг хунини олиш мақсадида чодирга кириб ўлдиради. 

Бу воқеа тахминан 1231 йил август ойининг 17-20 саналари оралиғида рўй беради. Эртаси куни султоннинг буюмларни сотиб юрган курд хусусида Маяфариқин ҳукмдори Ал-Малик Ал-Музаффарга хабар беришганда, у қишлоққа ўз саркардаси Шаҳобиддин Ғозийни юборади. Шаҳобиддин Ғозий султон жасадини олиб, қишлоқ эркакларининг барини ўлдиради ва қишлоққа ўт қўйиб юборади. Муаррих Ан-Насавий буни эшитиб шахсан ўзи Маяфариқинга келади. Жалолиддиннинг тоғаси, вазир Ўтурхон жиянининг жасадини таниб, қаттиқ изтиробга тушади. 

Жалолиддин Мангубердининг мурдаси ўша қилшлоқнинг ўзига дафн этилади. Мўғуллар бу ерга келиб, султоннинг жасадини топтамасликлари учун қабр тупроқ билан текислаб юборилган.

Сардор Али Нурматов
 


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

580

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг