Хитой Россия ва Украина донини экспортга чиқариш ҳаракатига тушди

Олам

image
0:00
0:00
download

Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И дунёдаги озиқ-овқат билан боғлиқ вазиятни оғир деб атади ҳамда Россия ва Украина ғалласини экспорт қилиш учун “яшил йўлак” яратишга чақирди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
 
Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок билан видеоконференция орқали суҳбат чоғида Ван Хитой Украинада тезда ўт очишни тўхтатиш тарафдори эканлиги ва барча томонлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини таъкидлаган.
 
“Ҳозирги вазиятда халқаро ҳамжамият тезроқ ўт очишни тўхтатиб, Россия ва Украинага дон экспорти учун "яшил йўлак" тақдим этишни талаб қилиши керак. Хитой барча томонлар билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёр”, дея Ван Ининг сўзларини келтирган РИА Новости.
 
Шунингдек, у Пекин халқаро ҳамжамиятга тегишли асосий муаммоларни ҳал қилишда “ҳеч қачон четда турмаслиги” ҳамда Хитой доимий равишда муҳтож давлатларга озиқ-овқат ёрдамини кўрсатаётганини айтиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, Италия Ташқи ишлар вазири Луижи Ди Майо “La Stampa” газетасига берган интервьюсида агар Украина ғалласини етказиб беришдаги муаммолар сақланиб қолса, дунё “озиқ-овқат уруши”га дуч келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш берганди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Камронбей Кенжаев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Украина дони

Баҳолаганлар

16

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг