Халқимизга газ керак – Мирзиёев газ экспортини қисқартириб, аҳолини таъминлашга кўрсатма берди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида қишга тайёргарликда йўл қўйилган камчиликларни ҳал этиш масалалари танқидий таҳлил қилинмоқда. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

Ахборотга кўра, бу йил кузда кескин совуқ тушиб, об-ҳаво аввалги йилларга нисбатан эрта пасайди. Электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда иссиқлик таъминотида тез-тез узилишлар бўлди. Бу вазият тармоқлар ва ҳудудларнинг қиш мавсумига тайёр эмаслигини яққол кўрсатиб берди. Яқинда бензин нархи ҳам ошди. Булар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

“Менга баландпарвоз гаплар ва рақамлар керак эмас. Жойлардаги раҳбарларнинг ишлари натижасига ижтимоий тармоқларда халқимиз ўзи холис баҳо бермоқда” деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, энергия ресурслари таъминотини яхшилаш чоралари муҳокама қилинмоқда.

Йиғилишда қиш мавсумида тармоқ ва ҳудудларда узлуксизликни таъминлаш учун суткасига 10-12 миллион киловатт-соат қўшимча электр энергияси ишлаб чиқариш зарурлиги қайд этилган. Бу қувватни “Тошкент”, “Сирдарё”, “Янги Ангрен” электр станцияларидаги 900 мегаваттли 5 та энергоблокни ишга тушириш ҳисобидан таъминлаш бўйича топшириқ берилган.

Маълум қилинишича, узилишларга, асосан, тақсимловчи тармоқларнинг 60 фоизи эскиргани ҳамда электр энергиясига талабнинг ошиб бораётгани сабаб бўлмоқда. Шу боис паст ва ўрта кучланишли тармоқларни босқичма-босқич модернизация қилиш бўйича дастур ишлаб чиқиб, ижросига тезроқ киришиш зарурлиги таъкидланган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда газ таъминотида суткасига 20 миллион куб метр танқислик мавжуд. Оқибатда мингдан зиёд маҳаллада табиий газ босими пасайган.

“Газ тизими билан боғлиқ муаммолар бугун юзага келмагани, балки ўттиз йилдан бери бизни қийнаб келаётганидан барчамиз хабардормиз. Лекин буни баҳона қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Халқимизга газ керак, уларнинг кўпчилиги бунинг учун тўловларни ўз вақтида ҳалол қилиб, тўлаб келмоқда”, дейди Президент.

Хабарга кўра, давлат раҳбари газ экспортини қисқартириб, аввало аҳоли эҳтиёжларини қондириш юзасидан кўрсатма берди. Бунинг ҳисобига кунига 7-8 миллион куб метр табиий газ қўшимча равишда ҳудудларга йўналтирилади. Шунингдек, аҳоли эҳтиёжини қоплаш учун яна 217 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш вазифаси қўйилган.   

Самарасиз ишлаётган 25 та конни инвесторларга “риск-сервис контракт” шартлари асосида бериб, табиий газ ишлаб чиқаришни кўпайтириш мумкинлиги айтилган.

Жойларда кўмир билан боғлиқ эътирозлар ҳам бор. Аҳоли ва ижтимоий объектлар учун ажратилган маҳаллий кўмирнинг 60 минг тоннаси ҳали эгаларига етказиб берилмагани кўрсатиб ўтилган.

Йиғилиш давом этмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

421

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг