Кейн машғулотларга келмаган — у жамоада қолмоқчи эмас

Спорт 1757
image

Англиянинг “Тоттенҳэм” клуби ҳужумчиси Ҳарри Кейн Евро-2020 дан кейинги таътилдан сўнг ҳали ҳамон жамоа машғулотларига қўшилмаган.

Британиянинг машҳур “Sky Sports” нашри хабарига кўра, Англия миллий терма жамоаси ва “Тоттенҳэм” сардори бугун, 2 август куни жамоа машғулотларига келиб қўшилиши лозим бўлган, аммо Кейн клуб қароргоҳига келмаган.

Ҳаррига Англиянинг “Манчестер Сити” клуби жиддий қизиқиш билдираётган бўлса-да, “Тоттенҳэм” форвардини қўйиб юбормоқчи эмас. Бундан ташқари, “шаҳарликлар” анчадан бери сотиб олишни режалаштириб юрган “Астон Вилла” футболчиси Жек Грилишни сотиб олса, “Тоттенҳэм” форварди трансфери учун маблағи етмай қолиши мумкин. Шу жиҳат Кейнни хавотирга солмоқда.

Аввалроқ, Ҳарри Кейн “Тоттенҳэм” президенти Даниэл Леви билан учрашиб, клубдан кетиши ҳақидаги қатъий қарорини билдирмоқчи экани ҳақида хабар қилинганди. Футболчининг амалдаги шартномаси 2024 йилга қадар белгиланган.

Маълумот учун, 28 ёшли форвард Англия Премьер-лигаси ўтган мавсумида 35 ўйинда 23та гол ва 14та голли узатмага муаллифлик қилган. Шу туфайли у АПЛда “Йилнинг энг яхши тўпурари” ҳамда “Йилнинг энг яхши ассистенти” совринларига сазовор бўлган. “Тоттенҳэм” эса турнир жадвалида 62 очко билан 7-ўринни эгаллаган.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 23
Рейтинг: 3
t
×