Каратечилар Токио Олимпиадасига нега бирорта ҳам лицензия ололмади? Сўз Нурхон Нафасовга

Интервью 5624
image

Саноқли кунлардан сўнг Япониянинг Токио шаҳрида Олимпиада ўйинларига старт берилади. Тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси яқилашар экан, ўзбек спортчиларининг қўлга киритган йўлланмалари ҳақида кўп бора гапирилади, муҳокама қилинади. Бироқ карате спорт тури бўйича вакилларимизнинг ҳеч бири лицензияни қўлга кирита олмади. 

Жорий йилнинг 16 июнь куни эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози, Ўзбекистон карате миллий федерацияси президенти, Марказий Оиёда илк ва ягона 6-дан қора белбоғ соҳиби Нурхон Нафасовга навбатдаги суд ҳукми ўқилди. Фаолияти давомида кетма-кет 4-бор судланган Нафасов эса тизимнинг унга қаршиликлари, коррупция ҳамда соҳада мутахассис бўлмаган шахсларнинг ишлаши ҳақида фикр билдириб ўтди. У бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида гапирган. 

“Спортни тушунмаган одам лавозим талашяпти, деб ўйлайди. Бироқ ундай эмас. Кимга ташлаб кетасан, деб савол бермайсизми? Шунча масъулиятли нарсани кимга ташлаб кетасиз? Спортчилар билан суҳбатлашсангиз кўзингизга ёш келади. Ҳақиқатан ҳам эзилиб кетишди. Уларга ачинаман. Айрим мураббийларнинг шароитларини кўриб, қўрқиб кетасан киши. Лекин улар фидоий. Абгор аҳволдаги спорт залида 10 соатлаб машғулот ўтишга ҳам тайёр. 

Мен ҳозир ишлашга тайёрман: ҳамма коррупционерлар кетсаю ислоҳот қилишга ваъда берилса. Ягона орзум ўзбек каратесини Олимпиадада кўрмоқчи эдим. 2018 йилда МОҚ раиси Умид Аҳмаджонов ишга қайтганимда Олимпия ўйинларида натижа қандай бўлишини сўраганди. Ўшанда 2 та медаль ваъда қилганман. Аҳмаджонов, “йўқ, бунақаси кетмайди, 3 та медаль олмасангиз мен сиз билан гаплашмайман”, деб туриб олган. Мен суддан чиқиб, судга югураверсам, қандай қилиб натижа кўрсатаман?! Фаолиятим бўлар-бўлмасга суриштирилаверса, қандай қилиб талабларни бажариш мумкин?

Кимлар раҳбар бўлиши мен учун муҳим эмас, асосийси натижа бўлса кифоя”.

Бундан ташқари, Нурхон Нафасов Олимпиадага йўлланманинг сотиб олиниши, Карате федерациясининг биноси йўқлиги борасида ҳам фикр билдириб ўтди.

“Йўлланмани сотиб олиш масаласига келадиган бўлсак, бу ҳар бир каратечининг виждонига ҳавола. Мана шу бешта спортчи билан сотиб олиш мумкин, деб ўйлайсизми? Бу нарса бўлмайди, Олимпиада деган номи бор ахир. Буларда ёндашиш нотўғри. “Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин” дейишган. Мендан олдинги президент, Аълам Муллаев умрида карате билан шуғулланмаган одам, у – бизнесмен. Мураббийлардан бири сузиш мутахассиси, бири муҳандис. Агар мабодо Нафасовнинг “овозини ўчириш” учун бўлса ҳам Франциядан ютуқ олиб келинганда, зўр бўларди. Ўйлашимча, Нафасов номидан кўра, Ўзбекистон ғурури кўпроқ устун туради. 

Сиз йўлланмани сотиб олиш ҳақида гапиряпсиз, ҳолбуки Ўзбекистон карате федерациясининг бугунгача бир хоналик офиси ҳам бўлмаган. Сиз эса кресло талашасиз деяпсиз, ваҳоланки талашиладиган креслонинг ўзи йўқ. Худо хоҳласа, мен 2 йил ичида карате миллий федерациясининг базасини яратаман”, дейди Нафасов.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози Нурхон Нафасов билан интервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 129
Рейтинг: 2.9
t
×