Камтарлик қилган жаноб Мирзаев, тўғони ёрилган сув омбори, “Толибон”нинг янги тақиқлари – янгиликлар дайжести

Жамият

image
Бугун, 22 ноябрь куни Ўзбекистон ва жаҳонда муҳим воқеликлар содир бўлди. Ўзбекистонда коронавирусга қарши қайта эмлаш бошланган бир пайтда “Толибон” Афғонистонликлар учун янги тақиқлар жорий қилди. Спортга келадиган бўлсак, Жаҳон кубогида ўзбекистонлик қиличбозлар     ғолибликни қўлга киритди. Шу каби хабарларнинг қисқача тафсилоти билан қуйида танишинг.

Жамият 

Энди талаба давлат имтиҳонидан йиқилса, бир йил кутмайди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи буйруғи давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Унга кўра, эндиликда якуний давлат аттестация синовидан ўта олмаган шахс кейинги ҳар бир ўқув йилида (3 йил давомида) ўз аризасига мувофиқ  2 мартагача имтиҳонни қайта топшириш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши қайта эмлаш бошланди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши бустер (қўшимча) доза билан ихтиёрий эмлаш бошланди. 

Мамлакат бош давлат санитария врачининг кўрсатма хатига мувофиқ, жорий йилнинг 17 ноябрь кунидан бошлаб тўлиқ эмланган фуқаролар (2 ёки 3 маротаба эмланганлар) бустер доза билан ихтиёрий эмланади.

Таъкидланишича, қайта эмлаш аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясига қарши иммунитетни ошириш мақсадида йўлга қўйилди.
 
Қибрайдан Мирзо Улуғбек туманига қарийб 2,3 минг гектар ер ўтказилди

Тошкент вилояти Қибрай туманидан пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманига жами 2294,6 гектар шундан 1002,6 гектар қишлоқ ҳўжалиги ер майдонлари ўтказилган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.

Бундан ташқари қуйидаги объектларнинг Мирзо Улуғбек туманига ўтказилиши таъминланган:

•    Маҳаллар сони - 13 та;
•    Якка тартибдаги турар жойлар - 9137 та;
•    Нотурар жойлар - 428 та;
•    Мактаблар - 2 та;
•    Мактабгача таълим муассасалари - 4 та;
•    Диний муассасалар - 1 та;
•    Қабристонлар - 2 та;
•    Тиббий муассасалар - 1 та.

Тошкентда йигит жониворларни шавқатсизларча ўлдирди. ИИББ унинг шахсини аниқлади

Ижтимоий тармоқда ёш йигит ҳайвонларга нисбатан шавқатсиз муносабатда бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ мазкур ҳолатга муносабат билдириб, жониворлар билан шавқатсиз муносабатда бўлган йигитнинг шахси аниқланганини очиқлади.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода номаълум шахс Яшнобод туманида мушукларни қийнагани ва ўлдирганини кўриш мумкин. Видеода 16-20 ёш атрофидаги йигит мушукларни пакет ёрдамида алдаб ушлаган ва уларни подездга олиб кириб, қийнагани тасвирланган. 40 дақиқа ичида у бешта мушукни қийнаган ва уларнинг бирини ўлдирган.

Жаноб Мирзаев: “менга “ҳурматли” деб мурожаат қилманглар

Бугун, 22 ноябрь куни Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Зойир Мирзаев раислигида видеоселектор тарзида илк “ҳокимлик соати” ўтказилди. Унда вилоятнинг 22 та туман-шаҳарлари сектор раҳбарлари, вилоятдаги барча бошқарма ва ташкилотлар ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, вилоят фаоллари иштирок этди.

Йиғилиш аввалида вилоят раҳбари Зойир Мирзаев бошқарув сиёсатида белгилаб олинган энг устувор вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Ҳоким фуқаролар билан қабулни кўчма тартибда олиб боришини маълум қилди. Унда ҳамма сектор раҳбарлари қатнашади. Янги тартибга кўра, соат 14:00 да бўладиган қабулга соат 8:00 да ўша мурожаатчининг сектор раҳбари, тегишли ташкилот мутасаддиси уйига бориб, масаласини жойида ўрганиб чиқади.

Олам

Қозоғистонда сув омбори тўғони ёрилди

Қозоғистоннинг жануби-шарқида, Олма-ота вилоятида Книжевск сув омбори тўғонига шикаст етди. Бу ҳақда “Казинформ” Қозоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига таяниб, хабар бермоқда.

“21 ноябрь куни соат 23:13 да Олма-ота вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига Олмаота вилояти, Жамбил тумани, Минбаево қишлоғи яқинида Книжевск сув омбори тўғонининг ўпирилиши содир бўлгани, тешикнинг кенглиги 5-6 метрни ташкил этиши ҳақида хабар келиб тушди”, деган вазирлик вакили.

Хитой Афғонистонга гуманитар ёрдам жўнатди 

Хитой поезд орқали Афғонистонга 1000 тоннадан ортиқ зарурий буюмлар ва бошқа бирламчи маҳсулотлардан иборат ёрдам жўнатди. Бу ҳақда “Синьхуа” ахборот агентлиги хабар берган.  

Таъкидланишича, поезд жорий йилнинг 20 ноябрь куни ХХРнинг Шинжон-Уйғур автоном районидаги Хоргос шаҳридан Афғонистонга йўл олган. 

50 та юк контейнерини олиб кетаётган поезд тахминан 12 кунда белгиланган манзилга етиб бориши керак. Агентлик хабарига кўра, муҳтож афғонлар совуқ ҳавода иссиқ кийим, пойабзал, кўрпа-тўшак, нон ва чой билан таъминланади. 

АҚШда автомобиль оломон устига бостириб кирди. Қурбонлар бор

Кеча, 21 ноябрь куни АҚШнинг Висконсин штатидаги Уокешо шаҳрида ўтказилаётган Рождество парадида автомобиль оломон устига бостириб кирди.  

Маҳаллий полиция автомашинанинг урилиши натижасида 20 дан ортиқ киши жароҳатлангани ва бир неча киши ҳалок бўлганини маълум қилди. 

Таъкидланишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ушбу ишни ўрганиш учун “одамларда қизиқиш уйғотган шахс”ни қўлга олиб, одамларни уриб юборгани тахмин қилинаётган йўлтанламасни топган. 

“Толибон” янги тақиқлар жорий қилди

“Толибон” Афғонистонда ҳукуматни қўлга киритганига 100 кун тўлиши арафасида тартиб-қоидаларини янада қатъийлаштирди. Ўзининг саккиз банддан иборат янги йўриқномасини эълон қилди. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.

Афғонистонда “Толибон” ҳукумати жорий қилган янги қоидаларга кўра, аёлларнинг теледастурларда иштирок этиши тақиқланди. Аёл журналистлар ва бошловчиларга ҳам экранда рўмол ўраш буюрилган, гарчи қандай ўраниш кўрсатилмаган бўлса ҳам.

Афғонистон телеканаллари учун эълон қилинган “Толибон”нинг сўнгги йўриқномалари саккизта янги қоидани ўз ичига олади. Жумладан, шариат (ёки ислом) тамойиллари ва афғон қадриятларига зид деб топилган фильмларни, шунингдек эркакларнинг интим аъзолари тасвирини кўриш тақиқланади.

Қирғизистонда харита сабаб можаро чиқди

Қирғизистонда дам олиш кунлари ҳукумат тадбири вақтида ўрнатилган харита ортидан юзага келган жанжал муҳокамаси билан ўтди.

Гап шундаки, прокуратура ходимлари куни муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг мамлакат харитаси фонида сўзлаган нутқи чоғида Ворух анклавининг тўғридан-тўғри Тожикистонга қўшиб олинганига кўпчилик эътибор қаратди.

Бу ижтимоий тармоқларнинг қирғиз сегментида норозиликларга сабаб бўлди. Кейинчалик расмлар ўчирилди.

Спорт

Жаҳон кубогида ўзбекистонлик қиличбозлар тенгсиз бўлди

Кеча, 21 ноябрь куни Тошкентда старт олган қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича ёшлар ўртасидаги Жаҳон кубогида жамоавий баҳслар ўтказилди ва унда Ўзбекистон терма жамоаси ғолибликни қўлга киритди. 

Дастлаб Миср жамоасини 45:21 ҳисобида мағлубиятга учратган қиличбозлар ярим финалда болгариялик рақибаларидан 45:36 ҳисобида устун келишди. Финалда кутилганидек Ўзбекистон ва Россия ёшлари ўзаро баҳс олиб борди. Кескин ва муросасиз ўтган беллашувда Зайнаб Дайибекова етакчилигидаги саблячилар 45:36 ҳисобида ғалаба қозониб, олтин медалларни қўлга киритишди.

Жамоавий дастурда Дайибековадан ташқари Гулистан Пердибоева, Самира Шокирова ҳамда Венера Исроилова Ўзбекистон шарафини  ҳимоя қилди.

Ўзбекистонга қайтган Аҳмадалиевнинг рақиби ким бўлади?

Бугун, 22 ноябрь куни профессионал бокснинг супер енгил вазн тоифасида WBA ва IBF йўналишлари бўйича Жаҳон чемпиони Муроджон Аҳмадалиев (10-0-0) Ўзбекистонга қайтиб келди. MJ ўз фикрларини билдирар экан навбатдаги жанг мутлақ Жаҳон чемпионлиги учун бўлиб ўтиши мумкинлигини маълум қилди.

“Кейинги жангим чемпионлик камарларини бирлаштирувчи мақомида бўлади. 28 ноябрь куни Стивен Фултон (WBO) ва Брендон Фигероа (WBC) ўзаро баҳс олиб боради. Беллашув ғолиби WBO ва WBC камарларини қўлга киритади ва менга қарши мутлақ чемпионлик жангида иштирок этади”, дейди Аҳмадалиев.

Нуриддинов ва Жўраев асосийда. Ўзбекистоннинг Жаҳон чемпионати учун таркиби маълум

Ўзбекистон оғир атлетика терма жамоасининг Жаҳон чемпионати учун таркиби эълон қилинди.

Дунё биринчилигида -109 кг вазн тоифасида Олимпия чемпионлари Руслан Нуриддинов (Рио-2016) ва Акбар Жўраев (Токио-2020) иштирок этади. Шунингдек, таркибдан Адҳамжон Эргашев (67 кг), Кумушхон Файзуллаева (71 кг) ҳамда Муҳаммадқодир Тоштемиров (81 кг) каби бошқа атлетлар ҳам ўрин олган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

123

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг