Қўрқинчли чегара. Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги зиддият янада кескинлашди

Олам

image

Ҳиндистон армияси 26 июнь куни Хитой билан чегарадаги Ладакх туманига қўшимча қўшин контингентини жойлаштирди. Бу ҳақда “The Times of India” газетаси ёзмоқда.

“Ҳиндистон армияси стратегик аҳамиятга эга бўлган Депсанг-Бульж ҳудудига Хитойнинг мамлакат ҳудудига кириб боришининг олдини олиш учун ушбу ҳудудда қўшимча қўшин ва қурол-яроғлар жойлаштирди", деб хабар берган газета.

Нашрнинг таъкидлашича, жами 30-36 минг кишилик учта пиёдалар бўлинмаси, танклар ва артиллерия қурилмалари Хитой билан чегарада жойлаштирилган. Ҳиндистон ҳаво кучлари қирувчи самолётлари Ладакх устидан ҳаво майдонини патруль қилмоқда.

Хитой ҳам, ўз навбатида, Ладакхдаги демаркация чизиғида ҳарбийлари сонини оширмоқда. Ҳиндистон ва Хитойнинг белгиланмаган чегараси бўлмиш Ладакхда бир неча кун олдин ҳинд ва хитой қўшинларининг қуролли тўқнашуви юз берди.

Кеча, 25 июнь куни Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги Хитойни Шарқий Ладакхдаги ҳақиқий назорат чизиғидан қўшинларни олиб чиқиш тўғрисидаги икки томонлама келишувларга риоя қилмаслиги икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар учун салбий оқибатларга олиб келиши ҳақида огоҳлантирган эди.

Маълумот учун, жорий йилнинг 15-16 июнга ўтар кечаси Ладакх иттифоқ ҳудудидаги Гальван дарёси ҳудудида ҳинд ва хитой ҳарбийлари ўртасида тўқнашувлар юз берди. Ҳинд армияси манбаларига кўра, ҳеч қандай ўқотар қурол ишлатилмаган - таёқ ва тошлардан фойдаланилган. 

Бу тўқнашувларда камида 20 ҳинд аскари ҳалок бўлди, 76 киши яраланди. Ҳиндистон армиясидаги манбалар, шунингдек, тахминан 45 хитой аскари ўлдирилган ва яраланганини айтди. Май ойи бошларида 250 га яқин хитой ва ҳинд аскари иштирок этган тўқнашувлардан сўнг, Ладакхдаги вазият ёмонлашди. Иккала томондан ҳам 100 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Жорий йилнинг 20 июнь куни Ҳиндистон мудофаа тизимини кучайтириш учун Шарқий Ладакхга Apache вертолётлари ва қирувчи самолётларни жойлаштирган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой Ҳиндистон

Баҳолаганлар

487

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг