Қум бўронда қайси ҳудудлар ҳавоси энг кўп ифлослагани очиқланди

Жамият

image

Жорий йилнинг 4 ноябрь куни Ўзбекистонда шамол таъсирида тупроқнинг юқори қуриган устки қатлами кўтарилиб, чангли туманни юзага келтирди. Атмосфера ҳавосида чангнинг миқдори кескин ўсди.

Ўзгидромет хабарига кўра, 4 ноябрда ҳавода чанг миқдори бўйича  максимал аҳамиятлилик: Гулистон, Олмалиқ шаҳрида 20 РЭМ, Чирчиқ-26 РЭМ, Тошкент-33 РЭМ, Бекобод-18 РЭМ, Ангрен-8 РЭМ, Буҳоро шаҳри-14 РЭМ, Навоий шаҳри-8 РЭМ, Самарқанд – 4 РЭМ, Сариосиё, Наманган, Урганч, Фарғона, Қўқонда таҳминан 2 РЭМ бўлди.

5 ва 6 ноябрь кундуз кунлари атмосфера ҳавосининг чанг билан ифлосланиши пасая бошлади ва 2 дан 8 РЭМ даражасигача етди.

“Тунги соатларда атмосферанинг қуйи қатламларида ҳосил бўлган иверсион тўхтатувчи қатлам натижасида ернинг устки қатламида ҳавонинг паст даражаси  чангнинг тарқалишига тўсқинлик қилди”, дейилади хабарда.

8 ноябрь кундуз куни Республикада атмосфера ҳавоси ифлосланиши фақат айрим шаҳарларда рухсат этилган аҳамиятлиликдан юқори бўлди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 ноябрь куни Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида, жумладан, Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида кучли шамол эсиб, қумли бўронлар ҳосил бўлди. Кўриш даражаси 500-1000 метргача пасайди. Бунинг оқибатида тупроқнинг жуда қуруқ устки қатлами кўтарилиб, атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган меъёрдан 30 баробар ошди.

Шамол авж олган маҳалда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига ўрнатилган ҳавонинг ифлосланишини аниқлаш мосламаси пойтахт ҳавосини “ўта носоғлом”, деб баҳолади.

“Ўзгидромет” кузатувларига кўра, сўнгги 150 йил ичида Ўзбекистонда бундай чангли ғубор ҳодисаси кузатилмаган. Синоптиклар 12 ноябргача мамлакатда ёғингарчилик кутилмаётганини, шу сабабли ҳаводаги чанг яна бир муддат сақланиб қолиши мумкинлигини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

310

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг