Қўқонда аёллар газ ва “свет” сўраб, катта йўлни тўсиб қўйди. Ҳокимлик муносабат билдирди

Жамият

image

Кеча, 28 декабрь тонгда ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ аёллар Қўқон шаҳри ҳокимлиги ёнида газ ва электр энергияси талаб қилиб, автомобиллар йўлини тўсгани акс этган видео тарқалди. Воқеа бўйича Қўқон шаҳар ҳокиимлиги ўз муносабатини билдирди.

Маълум қилинишича, Қўқон шаҳар ҳокимлигига 5-“Вақф чорсу” маҳалласидан табиий газ таъминоти бўйича мурожаат билан келган фуқароларнинг масаласи Қўқон шаҳар ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан жойида бориб ўрганилган. 

Фуқароларга Қўқон шаҳри аҳолиси, шу жумладан, 5-“Вақф чорсу” ҳудудида яшайдиган фуқароларни хонадонларида табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадида янги газ тақсимлаш станцияси барпо этилаётгани ва йил оҳиригача фойдаланишга топширилиши тушунтирилган. 

“Тез кунларда ишга тушадиган янги ГТС юқори босимли қувурдан тўғридан-тўғри табиий газ қабул қилиш имконини беради. Натижада 5-“Вақф чорсу“ маҳалласида табиий газ таъминоти яхшиланади”, дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, маҳалла фуқаролари хонадонларини иситиш учун арзон нархларда кўмир ва хўжалик юмушлари учун суюлтирилган газ етказиб берилмоқда, бу ишларнинг олиб борилиши алоҳида назоратга олинган.

Бир гуруҳ аёллар томонидан билдирилган норозилик ҳаракатлари жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Видеони суратга олаётган аёл газ-свет йўқлигидан тўйиб кетгани ҳақида гапирган.

“Ҳокимият атрофида яшовчи аёллар ҳокимият биноси олдидаги йўлни тўсишяпти. Чунки уйларида газ ҳам, свет ҳам йўқ. Мутасадди ходимларни бир неча марта чақирдик, лекин улар бизни эшитишни истамади. Газ-свет йўқлигидан тўйиб кетдик ҳақиқатан ҳам”, дейди ҳолатни видеога олган аёл.

Шунингдек, у ҳолатни видеога олар экан, йўлдаги автомобил ҳайдовчиларига қарата “Уриб кетишингиз мумкин, бемалол. Тўйиб кетганмиз, барибир уй совуқ”, деганини эшитиш мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Қўқон

Баҳолаганлар

260

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг