Қозоғистондаги тартибсизликлар: 8 нафар ҳуқуқ-тартибот ходими ҳалок бўлди 

Олам

image
0:00
0:00
download

Қозоғистон Миллий гвардиясининг саккиз нафар полиция ходими ва ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди, яна 317 нафари мамлакатнинг бир қатор вилоятларида рўй берган тартибсизликлар натижасида яраланди. Бу ҳақда Республика Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига таяниб хабар берилган. 

Шунингдек, вазирлик бузғунчилик ва талон-тарож қилиш ҳаракатлари провокаторлар томонидан уюштирилганини айтиб, фуқароларни уларнинг провокацияларига берилмасликка чақирган. 

Айни вақтда ижтимоий тармоқларда Қозоғистондаги моргда олинган видео тарқалмоқда. Унда қуролли ҳаракатлар чоғида кўплаб фуқаролар ҳалок бўлганини кўриш мумкин. 

Кеча, 5 январь куни Олма-ота шаҳри аэропортида ўтказилган аксилтеррор операцияси давомида яна икки ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган. Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Олма-отада террорчи тўдалар бир аэропорт ва бешта самолётни, жумладан хорижий самолётни қўлга олганини маълум қилди. Олма-ота аэропорти матбуот хизмати хабарига кўра, бинода махсус операция ўтказилган. Аэропорт босқинчилардан озод қилинган.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, намойишларда юзлаб одамлар жабрланган. Улар орасида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, шифокорлар, оддий аҳоли, жумладан, кексалар мавжуд.

Кечаги Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олинганини маълум қилганди. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 37 та хизмат автомашинасига зарар етказилган. 

Қайд этилишича, давлат органлари ходимларига нисбатан зўравонлик, безорилик, давлат биноларига ҳужум қилишга доир 13 та ҳолат бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Қозоғистонда намойишлар 

Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.    

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.    

Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.  

5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.

Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.

Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКб) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон намойишлар Қозоғистондаги вазият

Баҳолаганлар

210

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг