Қозоғистон коронавирус сабаб фавқулодда ҳолат эълон қилди

Олам

image

Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Унга кўра, мамлакатда COVID-19 пандемияси сабабли аҳолининг ҳаёти ва саломатлигини ҳимоя этиш мақсадида 2020 йилнинг 16 март кунидан 15 апрелигича бўлган давр ичида фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Ҳужжатга кўра, жамоат тартибини, ўта муҳим давлат ва стратегик, махсус режимли ҳамда алоҳида муҳофаза қилинадиган, шунингдек, аҳолининг ҳаётий фаолияти ва транспортнинг ишлашини таъминлайдиган объектларни ҳимоя қилиш кучайтирилади.
 
Одамлар гавжум йиғиладиган, жумладан, йирик савдо нуқталари, кўнгилочар марказлар, кинотеатрлар, театрлар, кўргазмалар ва бошқа объектларнинг иш фаолияти чегараланади ва тўхтатилади.

Бундан ташқари, спорт ва бошқа оммавий, шунингдек, оилавий, хотира тадбирларини ўтказишни тақиқланди.

Қозоғистон ҳудудига кириш, шунингдек, унинг ҳудудидан барча транспорт воситалари билан чиқиб кетишда чекловлар ўрнатилади. Қозоғистон ва хорижий давлатлар дипломатик хизмати ходимлари, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлигининг таклифига биноан мамлакатга ташриф буюрадиган халқаро ташкилотлар делегацияларининг аъзолари бундан мустасно этилган.

Фармонга кўра, фавқулодда ҳолатда қўлланиладиган чора-тадбирларга Президент ҳузуридаги фавқулодда вазиятларни таъминлаш бўйича Давлат комиссияси, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик қўмитаси, Мудофаа вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлиги, Молия вазирлиги, шаҳар ҳокимлари Нур-Султон, Олмаота, Чимкент ва вилоятлар ҳокимлари масъул этиб тайинланган.

Сўнгги маълумотларга кўра, дунё бўйича 156 740 киши коронавирусга чалинган, уларнинг 5839 нафари вафот этган, 75 935 нафари касалликдан фориғ бўлган.

Айни пайтда Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 6 нафарни ташкил этмоқда. 

Ҳурматли фуқаролар, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ваҳима кўтаришга асос йўқ. Вирусни юқтириб олмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинг.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон коронавирус

Баҳолаганлар

276

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг