Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистонда қурғоқчилик бошланди. Ўзбекистонда ҳам хавф борми?

Интервью

Охирги вақтларда бизга қўшни бўлган Туркманистон, Қизғизистон, Қозоғистон каби давлатларда қурғоқчилик ва ғайритабиий иссиқ об-ҳаво яйловларнинг қуриб қолишига сабаб бўлмоқда. Бу ўз навбатида Ўзбекистонга ҳам хавф солмайдими, деган табиий саволни юзага келтиради. Хусусан, бу галги ёзда бизни қандай об-ҳаво кутмоқда? Сув тақчиллиги борасида Ўзбекистонда вазият қандай? QALAMPIR.UZ мухбири Чарос Шодмонқулова бу саволларга ойдинлик киритиш учун Гидрометеорология хизмати маркази бўлими раҳбари Дониёр Турғунов билан суҳбатлашди.

Чарос Шодмонқулова, мухбир: — Қўшни давлатларда қурғоқчилик аллақачон бошланган. Бу борада Ўзбекистонда вазият қандай?

Дониёр Турғунов, Гидрометеорология хизмати маркази бўлими раҳбари: — Биласизми, қурғоқчилик аксарият ҳолларда сув тақчиллигини юзага келтирадиган ва узоқ вақт қуруқ ҳаво массалари сақланиб турадиган ва иссиқ об-ҳаво ҳолатлари кузатиладиган ҳодисалар оқибатида шаклланади. Демак, қурғоқчиликни турли минтақаларда турлича таснифлашади. Марказий Осиё ҳудудларида буни категорияга солса бўлади: 


 
•    атмосферадаги қурғоқчилик;

•    гидрологик қурғоқчилик;

•    қишлоқ хўжалигидаги қурғоқчилик; 

•    ижтимоий-иқтисодий қурғоқчилик.

Охиридаги, яъни ижтимоий-иқтисодий қурғоқчилик, бу ҳар учала қурғоқчиликнинг оқибатидан келиб чиқади. Масалан, 2008 йил республикамизда камсувлик йили бўлди. Ушбу йилда ҳаммамизга маълум бўлган Чорвоқ сув омбори, энг йирик гидроэлектр станцияси жойлашган сув омборида ишлаб чиқариладиган электр миқдори кўп йиллик меъёрга нисбатан 52 фоиз пастлаган. Ва бу албатта, энергия танқислигини келтириб чиқаради. Умуман олганда ҳозирги кунда Марказий Осиёда кўпроқ қайси қурғоқчилик тури кузатиляпти, деган савол туғилиши мумкин. Биласизми, барча турдаги қурғоқчилик бир-бирига узвий боғлиқ бўлса-да, бугун энг кўп гидрологик қурғоқчилик кузатилмоқда. Сабаби шуки, сувга бўлган талабнинг ортиши, демографик нуқтайи назардан ўсиш ва сувдан фойдаланиш бўйича Марказий Осиё давлатлари, умуман сувга эҳтиёж сезган барчанинг муносабати билан белгиланади. 

Хусусан, 2000-2001 йиллар давомида ҳам Ўзбекистонда мана шундай гидрологик қурғоқчилик кузатилган. Бунинг оқибатида дон ишлаб чиқариш 14 фоизга, бошқа экин ҳосилдорлиги 45-75 фоизга камайган, умумий ҳисобдаги ҳосилдорлик 50-75 фоизга пасайган, ҳосиллар нобуд бўлган. Албатта, булар БМТ тараққиёт дастури мутахассислари ўтказган тадқиқот доирасида тасдиқланган. 

Яна бир нарсани таъкидлаб ўтиш керакки, бутун жаҳон аҳолисининг қарийб ярми йил давомида 1 ой гидрологик қурғоқчилик кузатилган минтақаларда яшайди. Бу кўрсаткич 2050 йилга бориб, 5 млрдга етиши мумкин. Бу албатта, тахминий сценарийлар. 

Маълумотларга қараганда, 1967 йилдан 1991 йилгача бўлган даврни олиб қарайдиган бўлсак, қурғоқчиликдан умумий жабр кўрганлар 2,8 млрд кишини ташкил этган. Шундан 50 фоизидан ортиғи айнан қургоқчилик туфайли жабр кўрган. Лекин бу билан бизга келиб қурғоқчилик яна кучаяди, деган хулосага келиш хато. Сабаби, биз жойлашган минтақа Марказий Осиё минтақасида ландшафтнинг барча турлари мавжуд. Хусусан баланд тоғликларимиз, чўлли ҳудудларимиз, кенг ва бой ландшафтга эга. Қолаверса, тоғларимизда доимо қор тўпланади. Уларда мавсумий қорларни шакллантирувчи доимий музларимиз бор. 

Кейинги йилларда сув оқими қандай шаклланишига ҳам қисқача тўхталиб ўтмоқчиман. Бизда дарёларимизнинг тўйиниш манбаларини тўртта типга бўлишимиз мумкин. 

Камсувли йиллар қанчалик чуқурлашган сари, гидрологик қурғоқчилик шунчалик ортиб бораверади. Юқорида бу мисолларни келтириб ўтдим. Биз ҳозир глобал иқлим ўзгариши шароитидамиз. Ҳаво ҳарорати ўсиб бормоқда. Ҳарорат кўтарилиши натижасида музликларимиз эриши жадаллашмоқда. Шунинг оқибатида юқоридаги икитата турдаги йирик дарёларимизнинг оқими меъёрлашади, у ердаги сув миқдори унчалик камаймайди, яъни камсувлик чуқурлашмайди. 

Ч.Ш.: — Узоққа бормайлик, Тошкент вилоятида сув ҳавзаларида сув анча кам, Чирчиқ дарёси деярли қуриб боряпти. Бунинг сабаби нимада?

Д.Т.: — Чирчиқ дарёсининг юқори оқимида Чорвоқ сув омбори жойлашган. Яъни Чирчиқ дарёси сув омбори ёрдамида бошқарилади. Чирчиқ дарёсининг энг юқоридаги Ғазалкент постида ҳозирги кунда ўртача 300 метр тақсим секунд сув оқаётган бўлса, Чирчиқ дарёсининг ҳаммамиз яхши биладиган Қўйлиқ бозори кўпригидаги ҳудудида оқаётган сув миқдори 20 метр тақсим секундгача келади. Ғазалкентдан то Қўйлиққача бўлган оралиқдаги сув қаерга сарфланяпти, деган савол туғилади. Жавоб шуки, бу ердан Тошкент вилоятининг кўпгина ҳудудлари сув олади. Шунинг учун Чирчиқ дарёсининг қуйи оқими суви камайиши ҳисобига биз дарё қуриб бормоқда, деган хулосага келамиз. Умуман олганда, ҳозирги кунда Чорвоқ сув омборига келадиган дарёлардаги сув оқими ўтган йилгига нисбатан кўп. 

Масалан, Сирдарё Ўзбекистон Республикасидан бошланади. Сирдарёнинг иккита энг йирик ирмоғи Норин дарёси ва Қорадарё .Ҳар иккала дарё сув омбори ёрдамида бошқарилади. Норин дарёсининг юқорисида Марказий Осиёдаги энг йирик сув омбори жойлашган. Унинг номи Токтогул. У ерга жуда ҳам йирик электр станцияси ўрнатилган. Қиш мавсуми – декабрь, январь, февраль ойларида Токтогул сув омборидан қуйи томон, яъни Норин дарёси томон 5 километр куб сув ташланади. Бу икки яримта Чорвоқ сув омборининг суви дегани. 

Менимча, сувнинг ҳисобини тўғри юритиш керак, деб ўйлайман. Ҳисобни тўғри юритган ҳолатда, суғоришда фойдаланадиган гидротехник иншоотларни қуриш ёки бўлмаса, сув тежовчи тадбирлар асосида суғориш йўлга қўйилса, бизда шаклланадиган дарёлар оқими республикамиз ҳудудидаги суғориладиган ерларга етади. Фақат ундан тўғри фойдаланишимиз керак. 

Ч.Ш.: — Бу йил қай даражада иссиқ бўлиши кутиляпти, ёзнинг бошидагидек жазирама кузатиладими?

Д.Т.: — Келинг, охирги икки йилни таққослаймиз. 2020 йил ёз ойида энг иссиқ ҳаво июнь ойида 40,2 даражани қайд этган. Қолган ёз давомида ҳаво ҳарорати 49 даражадан ортмаган. 2019 йилда эса бунинг акси. Яъни чилланинг қоқ маркази июль ойида – 11 июлдан то 22 июлгача ҳаво ҳарорати 40 даражадан пастламаган. 

2021 йил 3-7 июнь кунлари ҳаво ҳароратида максимум рекорд қайд этилди. Ундан кейин эса нисбатан салқинроқ бўлган ҳаво массалари ҳукмрон бўлиб турмоқда. 3-7 июнь кунлари бизда Эрон ҳудудларидан меҳмон бўлиб кетган ҳаво массалари июль давомида яна 1-2 марта меҳмон бўлиши мумкин. Бундай ҳаво массалари одатда 3-4 кун ҳукмронлигини кўрсатади. 

Ч.Ш.: — Ўзбекистон бу йилги қурғоқчиликка қанчалик тайёр?

Д.Т.: — Асосан бу табиат ҳодисаси. Тайёрлик нуқтайи назаридан иқлим ўзгариши оқибатида шаклланган қурғоқчиликка мослашиш керак. Мослашиш деганда, сувни тежаш, ундан тўғри фойдаланиш керак ва яшилликни эътибор қаратишимиз зарур. 

Ч.Ш.: — Сув омборлари-чи, улар етарлича тўйинганми?

Д.Т.: — Биласизми, сув омборларида ўтган йилгига нисбатан сув кам. Юқорида айтдимки, бу йил ана шу кўпйиллик меъёрни 75-80 фоиз миқдордаги сув шаклланади.  

Хулоса келиб чиқадики, сувдан тўғри фойдаланишни йўлга қўйсак, гидрологик қурғоқчиликка қарши тура оламиз. Иқлим ўзгариши эса ҳаво ҳароратининг кўтарилишига олиб келмоқда, аммо атмосфера ёғинлари миқдорлари ўзгармаяпти. Бу жуда қизиқ жараён. Фақатгина ёғинларнинг тури ўзгармоқда. 

Биз кўп Орол муаммоси ҳақида гапирамиз, биласизми, қачонки биз ерларни, доимий қор қопламаларини, мавжуд ресурсларни тўғри ўрганиб, таҳлил қилмас эканмиз, Орол муаммоси минтақадаги қурғоқчилик муаммосига айланиб кетиши мумкин. Айтайлик, бу огоҳлантириш. Чунки ҳар йили сувга бўлган талаб 1 фоизга ортмоқда. 30 йилдан кейин бу 30 фоизга етади ва юқоридаги рақамлар ўзини оқлаши мумкин. 

Марказий Осиё давлатлари сув ва дарёларнинг оқими нуқтайи назардан бир бирига ўзаро боғлиқ. Яъни ҳамкорликда фаолият олиб борилади. Иқлим ўзгаришида илгари давлатлар бир-бирига ёрдамлашиб, ҳолатни юмшатишга қаратилган чора тадбирларни кўриб келарди. Лекин йилдан йилга иқлим ўзгариши оқибати кескилашгани сари, давлатларнинг ҳамкорлиги секин-секин рақобатга айлана бошлади. Бу рақобатга бардош бериш учун бизда аввало иқлим ўзгариши оқибатларини биладиган ва уни тўғри баҳолайдиган мутахасисларни тайёрлаш ҳамда кучли тизимни шакллантириш керак.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

186

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг