Қотили топилган “Асалҳоней”, заҳарланишдан қўрқаётган Путин, ИИВдан танбеҳ эшитган Отажонов... Ҳафта нималар билан эсда қолди?

Таҳлил

Якунига етиб бораётган ҳафта Ўзбекистон ва хорижий мамлакатларда кўплаб эсда қоларли воқеаларга бой бўлди. Нархларни кескин оширган ягона имтиҳон маркази, қотили топилган “Асалҳоней”, рақс тушаётиб вафот этган қизча, заҳарланишдан қўрқиб 1000 га яқин шахсий ходимини ишдан бўшатган Россия Президенти, “хурмача" қилиқлари учун ИИВдан танбеҳ эшитган Жаҳонгир Отажонов шулар жумласидан.

Ҳафта давомида содир бўлган энг мухим ва кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган воқеалар билан QALAMPIR.UZ'да танишинг.

Украинада Россиянинг ҳарбий ҳужуми бошланганидан бери камида 925 нафар тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди. 1496 киши эса жароҳатланган. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочоқлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси маълум қилди.

Ташкилот маълумотларига кўра, 24 февралдан 20 мартгача бўлган даврда 3 миллион 489 минг 644 нафар украиналик давлат чегараларини кесиб ўтиб, қўшни давлатга кетган. Шу билан бирга, украиналикларнинг 2 миллион 83 минг 854 нафари Польшага юборилган.

Алламжоновга тегишли Тошкент имтиҳон маркази нархларни кескин оширди. Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон топшириш бўйича Ягона имтиҳон маркази жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб юқори сифат ва хизмат кўрсатиш даражасини сақлаб қолиш мақсадида назарий ва амалий имтиҳонларни топшириш учун биринчи уриниш нархи 150 000 сўмгача оширилади. 1 апрелга қадар ушбу нарх 100 минг сўмни ташкил этади. Бунга асосий ҳамкор давлатлардаги беқарор иқтисодий вазият Ўзбекистондаги инфляциянинг тезлашишига таъсир кўрсатаётган валюта курсининг ўзгариши сабаб қилиб кўрсатилган. Аммо имтиҳонларга валюта курсининг қандай даҳли борлиги тушунарсизлигича қолмоқда.

Ўзбекистонда “Асалҳоней” номи билан танилган инста-блогер Асал Хўжаевани ўлдиришда гумонланган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда QALAMAPIR.UZ'га Бош прокуратура Матбуот хизмати маълум қилди. Қайд этилишича, “Асалҳоней” қотиллигида 1997 йилда Хоразм вилоятида туғилган шахс гумонланмоқда.

Бош прокуратура иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмаслигини таъкидлаган.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги инста-блогер “Асалҳоней”нинг вафоти бўйича турли шов-шувли ва асоссиз маълумотлар тарқатаётган ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини огоҳлантирди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсовнинг видеомурожаатида айтилади.

“Охирги кунларда, ижтимоий тармоқлар орқали аҳолимиз ўртасида шов-шув уйғотиб келаётган бир нечта маълумотлар тарқаётганлигини гувоҳи бўлишимиз мумкин. Масалан, “Асалҳоней” номи билан танилган фуқаро Хўжаеванинг қотиллигига тааллуқли бўлган хабарлар.

Амалдаги тартибга кўра, воқеага тўлиқ ҳуқуқий баҳо берилиб, айбдорларнинг қилмиши суд томонидан исботланмагунча жамоатчиликка ахборот берилмайди.

Ижтимоий тармоқларда эса, биз, жиноятга оид турли тахминлар, асоссиз хулосалар ҳамда текширилмаган маълумотларни тарқаётганлигини кўряпмиз.

Эслатиб ўтаман, тергов органларининг ёзма рухсатисиз, терговга оид материалларни тарқатиш қонунга зид”, дейди ИИВ вакили.

Путин заҳарланишдан қўрқиб, 1000 га яқин шахсий ходимини бўшатди. Манбага кўра, ишдан бўшатилганлар орасида қўриқчи, ошпаз, кир ювувчи ва котиблар ҳам бор.

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу тўсатдан жамоатчиликка кўриниш бермай қўйди. У охирги марта жорий йилнинг 11 март куни омма олдига чиққан, журналистлар эса уни 12 кундан бери кўрмаган. 

Қайд этилишича, 11 мартгача Шойгу деярли ҳар куни янгиликларда чиққан. Ҳозир ҳам у ахборот майдонида вақти-вақти билан эсланади, аммо янги фотосуратлар ва видеолар йўқ. 11 март куни вазир Украинага ҳужумда қатнашганларга давлат мукофотларини топширгани тасвирга олинган. Бу унинг иштирокидаги охирги видео бўлган.

Қайд этилишича, фақатгина Шойгу ғойиб бўлмаган, балки 11 мартдан бери Россия Қуролли Кучлари Бош штаби раҳбари Валерий Герасимов иштирокида ҳам ҳеч қандай воқеа қайд этилмаган.

Россияда эса Шойгунинг юраги билан боғлиқ муаммолар борлигини муҳокама қилишмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов хонанда Жаҳонгир Отажоновга таъриф бераркан, уни “хурмача қилиқлари билан танилган” деб атади. Бу ташбеҳни у вазирлик номидан қилган видеомурожаатида ишлатган.

“...ўзини жабрдийда қилиб кўрсатиб, ижтимоий тармоқларда мавхум воқеалар хақида жар солиш орқали, ўзига омма эътиборини жалб қилишга қаратилган ҳаракатлар. Масалан, анча вақтдан бери ўзининг хурмача қилиқлари билан танилган Жаҳонгир Отажоновнинг охирги чиқишлари”, дейди Ғиёсов.

Ғиёсовнинг қайд этишича, ижтимоий тармоқларда, 14 чидан 15 мартга ўтар кечаси Хоразм вилоятида тўрт нафар номаълум шахслар, Жаҳонгир Отажоновга нисбатан нисбатан зўравонлик ишлатиб, номаълум жойга олиб бориб, у билан ноинсоний ҳаракатлар содир этгани, Отажонов ўз навбатида Урганч шаҳар ички ишлар бўлимига мурожаат қилгани, лекин унга хеч ким ёрдам бермаётгани хақида видеоёзувлар тарқалмоқда.

“Воқеани хронологиясини кузатадиган бўлсак, иддао этилаётган жиноий ҳолат март ойининг 14 дан 15 га ўтар кечаси содир этилган бўлса, Отажонов бу хақда орадан икки кун ўтиб, 17 март куни ички ишлар органларига маълум қилган. 16 март куни ҳеч нарса бўлмагандек Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманидаги тўй маросимида иштирок этган.

Хўш, бу ҳаракатларни нима деб аташ мумкин, оммани эътибори учун навбатдаги пиарми, одатий майнавозчиликми ёки жиноят хақида ёлғон хабар беришми?”, дейди Шоҳруҳ Ғиёсов.

Жорий йилнинг 24 – 26 март кунлари биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди. Форумни 24 март куни Президент Шавкат Мирзиёев очиб берди. Илк маротаба ўтказилган Тошкент халқаро инвестиция форумида 56 та давлатдан 1 ярим мингдан зиёд йирик инвесторлар ва юқори мартабали меҳмонлар иштирок этди. Форумнинг очилишида президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, инвесторларга шахсан кафолат беришини таъкидлади.

Қашқадарёда 2005 йилда туғилган ўқувчи қиз Наврўз байрамида рақс тушаётганда хушидан кетиб, вафот этди. Халқ таълими вазирлиги Матбуот котиби Лайло Рустамова мазкур ҳолат бўйича дастлабки маълумотларни QALAMPIR.UZ’га тақдим этди.

Унга кўра, қиз ёшлигидан тутқаноқ (эпилепсия) касаллиги билан касалланиб келган. Ўқувчини ҳушидан кетиш ҳолати кузатилган вақтида мактаб маъмурияти томонидан Шошилинч тез тиббий ёрдамга мурожаат қилинган. Бироқ шунга қарамай у вафот этган.

Ижтимоий тармоқларда Йўл-патруль хизмати инспектори электрошокердан фойдаланиб, ҳайдовчини қийнагани акс этган видеотасвир тарқалди. Ушбу ҳолатга Ички ишлар вазирлиги изоҳ берди.

Қайд этилишича, 24 март куни соат 12:00 ларда Наманган шаҳар Ислом Каримов ва Қўқумбой шоҳ кўчалари кесишмасида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори О.Турғунов Спарк русумли автомобилни тўхтатган.

Spark’нинг ўтган йилда 2 та муддати ўтган жаримаси бўлган, шу боис, инспектор автомобилни жарима майдонига жойлаш бўйича огоҳлантирилиш берган. Бироқ, ҳайдовчи қонуний талабни бажармасдан ЙПХ ходимининг хизмат фаолиятини давом эттиришига тўсқинлик қилган.

Инспектор белгиланган тартибда ҳайдовчини огоҳлантириб, электрошокер мосламасини қўллагандан сўнг, ҳайдовчи машинадан тушиб, номаълум томонга кетиб қолган.

Автомобиль вақтинчалик жарима майдонига жойлаштирилиб, ҳайдовчига нисбатан ходимнинг қонуний талабига бўйсунмагани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Ўзбекистонда “ГАИ”ларни фото ва видеога олиш тақиқланмоқда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жойлаштирилган “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомга қўшимча киритиш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида шундай ўзгартириш назарда тутилган. 

Ўзгартириш натижасида йўл ҳаракати қатнашчилари ЙПХ ходимлари билан ўзаро муносабатларда қуйидагиларга мажбур бўлади:

•  ЙПХ ходимининг ўз хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолатда олинган фото ва видео тасвирларини унинг рухсатисиз Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштирмаслик;
•  йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиси ҳамда ЙПХ ходими ўртасидаги ўзаро муносабатга халақит бермаслиги шарт.


Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳонгир Отажонов Асалҳоней Россия Президенти

Баҳолаганлар

340

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг