Қаршидаги оммавий жанжалда 19 ёшли йигит тўппончадан жароҳатланди

3-саҳифа

image
0:00
0:00
download

Қаршида бир гуруҳ ёшлар ўртасида оммавий жанжал юз бериб, иштирокчилардан бири пневматик тўппончадан 19 ёшли спортчи йигитни яралади. Бу ҳақда “Новости Кашкадари” хабар берган.

Маълум қилинишича, можаро 3 сентябрь куни соат 21:30 да Қарши марказида, курант ва вилоят ҳокимлиги биноси яқинида юз берган. Муқаддам судланган 28 ёшли Шаҳриёр ва унинг дўстлари бир гуруҳ йигитлар билан жанжаллашиб қолган. Шаҳриёр улардан бирига пневматик тўппонча билан ўқталиб, 3 сония ичида дўстлари билан йўлнинг нариги томонига ўтишни буюрган.

Шундан сўнг, жами 11 кишидан иборат йигитлар гуруҳи ўртасида жанжал бошланган. Улар атрофдагилар олдида куракда турмайдиган сўзлар билан бир-бирларини “сийлаган”. Шу вақтда Шаҳриёр қочишга тушиб, биринчи дуч келган таксини тўхтатган ва уни уриб, машинадан тушишга мажбур қилган. Шу пайт машинага 19 ёшли спортчи Жонибек югуриб келган. Шаҳриёр унга бир неча марта пневматик тўппончадан ўқ узган. Икки марта қорин соҳасидан яраланган Жонибек ҳам ўз навбатида Шаҳриёрни урган.

Қайд этилишича, тез орада воқеа жойига профлактика инспектори етиб келган. Маълум бўлишича, жанжал иштирокчиларининг аксарияти Қашқадарё олийгоҳларида ўқиётган талабалар, айримлари ўқишга энди кирган йигитлар бўлган. Уларнинг деярли барчаси спорт билан шуғулланади, ораларида Ўзбекистон чемпиони ҳам бўлган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари барча ҳолатларни инобатга олган ҳолда, 9 иштирокчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 -моддаси (майда безорилик) бўйича маъмурий жазо қўллашга қарор қилди. Уларни БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорида жарима ёки 15 кунлик қамоқ жазоси кутмоқда.

28 ёшли Шаҳриёрга нисбатан эса Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “в” банди (совуқ қуролни намойиш қилиб, уларни қўллаш билан қўрқитиб ёхуд қўллаб безорилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, у қамоққа олинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

471

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг