Қандай ҳолларда абитуриент имтиҳондан четлаштирилади?

Жамият

image

Жорий йилнинг 22 июль куни абитуриентлар учун олий таълим муассасасига ҳужжат топширишининг сўнгги куни ҳисобланди. Энди абитуриентлар олдида имтиҳон топшириш вазифаси турибди. Абитуриентлар фақатгина фанларни яхши ўзлаштириш эмас, балки имтиҳон жараёнида белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилишлари ҳам зарур. 

Давлат тест синовларидан имтиҳон топширувчи абитуриентлар учун муҳим эслатма: қуйидаги ҳолларда абитуриент тест синовлари жараёнидан четлаштирилади ва натижалари чиқарилмаслигига асос бўлади:

• тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга ёки бинога киришда микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация қурилмалари ва бошқа воситалар, шпаргалкалар олиб киришга ҳаракат қилса, олиб кирган бўлса ёки улардан тест синовлари давомида фойдаланса;
• тест материалларини бошқа абитуриентга узатса ёки уларга ёрдам берса;
• тест синовлари жараёнида бир-бири билан гаплашса;
• тест материалларини бинодан ташқарига олиб чиқса, тест топшириқлари китоби варағини йиртса;
• тест синовлари учун ажратилган вақт тугагандан сўнг тест материалларини топширишдан бош тортса;
• тест синовлари жараёнида видеокузатувлар орқали абитуриентнинг тартиб ва қоидаларга амал қилмаганлиги аниқланса.

Шунингдек, абитуриент томонидан топширилган ҳужжатларнинг қалбакилиги аниқланса, у ҳолда абитуриент кириш имтиҳонларидан ёки абитуриент талабаликка қабул қилинган бўлса олий таълим муассасаси талабалари сафидан четлаштирилади ҳамда ҳужжатлари белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилади.

Тест синовлари бошланишига қадар 30 дақиқагача абитуриентлар жавоблар варақасини тўғри тўлдириш тартиби билан танишишлари ва унинг тегишли жойига ўзлари тўғрисидаги маълумотларни ёзишлари лозим. Бу вақт тест ўтказиш учун ажратилган вақт меъёрига кирмайди.

Бундан ташқари жавоблар варақаси тўғри тўлдирилиши учун абитуриент шахсан жавобгардир. Жавоблар варақасидаги тегишли доирачаларни нотўғри белгилаган абитуриентларнинг эътирози кўриб чиқилмайди.

Шунингдек, тест синови жараёнида абитуриент томонидан саволлар китоби варағи йиртиб олинганлиги аниқланса, тест синовларини топшириш қоидалари бузилган ҳисобланади ва тест синовидан четлаштирилади.

Белгиланган вақтда тест синовларига келмаган абитуриентлар учун қўшимча тест синовлари ўтказилмайди.

Маълумот учун, тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриент тест синовлари натижаси эълон қилинган кундан бошлаб ўн беш кун давомида Давлат комиссияси томонидан тасдиқланган апелляция комиссиясига ёзма тартибда апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга.


Мақола муаллифи

Теглар

имтиҳон абитурент

Баҳолаганлар

68

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг