Июль ойида 4 та шаҳарда атмосфера ифлосланиши “юқори” даражага етган

Жамият

image

2020 йил июль ойида атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинги республиканинг 21 та шаҳаридаги 56 та пунктда олиб борилган. 17 та шаҳарда “паст” ифлосланиш даражаси, Тошкент, Олмалиқ, Ангрен ва Фарғона шаҳарларида “юқори” ифлосланиш даражаси қайд этилган. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази хабар берди.

Шаҳарларда ҳавонинг ифлосланиши саноат корхоналари чиқарадиган ажратмалар, қурилиш ишлари ва метеошароитларга боғлиқ.

Умуман, июль ойида республика бўйича атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси меъёр чегарасида бўлган.

Республика бўйича радиациявий фон ифлосланиши ҳолати тўғрисида

Атмосфера еролди қатламининг радиациявий мониторинги Ўзгидромет тармоғида ҳар куни 40 та шаҳар ва аҳоли пунктларидаги метеомайдончаларда гамма-нурланиш экспозиция дозасини асбоблар ёрдамида ўлчаш орқали амалга оширилади.

Ўтказилган радиациявий мониторинг бўйича 2020 йил июлда радиациявий гамма-фон қийматлари рухсат берилган меъёрдан ошмаган.

Марказ маълумотига кўра, атмосфера ҳавоси ифлосланиши бўйича мониторинг 25 та шаҳардаги 63 та стационар кузатув пунктида амалга оширилади. Аҳоли сонига қараб ва норматив ҳужжатлар асосида шаҳарларда 2 тадан 4 тагача пост жойлаштирилган. Кузатув пунктларида атмосфера ҳавосидаги 12 та ифлослантирувчи модда назорат қилинади.

Шаҳарда атмосфера ҳавоси сифатини мониторинг қилиш дастури бешта асосий ифлослантирувчи модда: чанг (қаттиқ муаллақ заррачалар), олтингугурт диоксиди, углерод оксиди (ис гази), азот диоксиди, азот оксидини ўз ичига олади. Саноат ажратмалари таркиби ва яқинда жойлашган шаҳарлар ва туташган ҳудудлар хусусиятларига қараб дастурий ўлчовларга бошқа моддалар (аммиак, фенол, формальдегид, озон, хлор, қаттиқ фторидлар, фторли водород, оғир металлар) қўшилади.

Атмосфера ҳавоси ҳолати устидан кузатувлар ҳар куни ҳафтасига 6 кун сутка давомида 3 марта (маҳаллий вақт билан соат 7:00, 13:00, 19:00 да) амалга оширилади. Ўзгидромет кузатув пунктларида ҳаво намуналари аспиратор усулида олинади ва марказ лабораторияларида таҳлил қилинади.


Мақола муаллифи

Теглар

атмосфера

Баҳолаганлар

69

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг