Иштиёқимни ўлдиришди... Бундай қилиш нотўғри — Оксана Чусовитина

Спорт 21771
image

Хабарингиз бор, бугун, 23 июль куни Токио-2020 Олимпиадасининг очилиш маросими бўлиб ўтади. Тадбир олдидан Ўзбекистон делегацияси байроқдорлари кутилмаганда ўзгаргани маълум бўлди.

Дастлаб Токио-2020 Олимпиадасида Ўзбекистон делегацияси байроқдорлари гимнастикачи Оксана Чусовитина ва боксчи Бобоусмон Батуров бўлиши ҳақида хабар қилинган эди. Бироқ бугун, 23 июль – Токио-2020 очилиш маросимидан олдин байроқдорлар ўзгаргани, Чусовитина ва Батуров ўрнига боксчи Баҳодир Жалолов ва таэквондочи Нигора Турсунқуловага ишонч билдирилгани ҳақида МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов маълум қилди.

46 ёшли гимнастикачи Оксана Чусовитина эса “Спутник” нашри билан суҳбатда, бу қарор унинг шижоатини ўлдиргани ва бу борада унга ҳеч қандай тушунтириш берилмагани ҳақида гапирди.

“Биласизми, байроқдорлар нега алмаштирилганини менга тушунтиришмади. Шунчаки, менга бормаслигимни айтишди, бор гап шу. 

Иштиёқимни ўлдиришди... Бундай қилиш нотўғри. Шунчаки тўғрисини тушунтиришса, ҳаммамиз ҳам одам, тушунамиз. Тўғриси, менга бу ёмон таъсир қилди”, дейди спортчи. 

Қайд этиш жоиз, Баҳодир Жалолов кетма-кет 2-марта Олимпиадада байроқдор спортчига айланмоқда. У Рио-2016 Олимпиадасида Ўзбекистон байроқдори бўлган эди. Туризм ва спорт вазирлигининг баёнотида Бобоусмон Ботуровнинг эртага, 24 июль куни баҳсларга киришиши сабабли, Баҳодир Жалоловга байроқдорликнинг топширилганлиги айтиб ўтилган. Олимпия ўйинлари тақвимига кўра, Батуров 27 июль куни Доминикан Республикаси вакили Поландо Роханга қарши рингга кўтарилади.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1428
Рейтинг: 3
t
×