Ис газининг хавфлилиги унинг ҳеч қандай ҳиди йўқлигида – ССВ

Саломатлик

image

Қиш келиб, кунлар совиши билан ис газидан заҳарланиш ҳоллари кўпаяди. Куни кеча Президент раислигида қиш мавсумига тайёргарлик масаласида ўтган видеоселектор йиғилишида жорий йилнинг ўтган даврида бундай ис газидан заҳарланиш оқибатида 106 нафар фуқаро вафот этгани ва 190 нафари заҳарланган ва куйиш тан жароҳати олгани айтилди. Шу маълумотнинг ўзиёқ вазиятга жиддий ёндашиш кераклигини кўрсатади. Ис газидан заҳарланиш борасидаги ССВ Матбуот хизматининг саволларига Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Дониёр Алимов жавоб берди

— Ис газининг хавфлилиги унинг ҳеч қанақа ҳидга эга эмаслигида. Ҳолсизланиш сезмагунча газ борлиги тўғрисида фикр юритиб бўлмайди, унинг энг кам миқдори ҳам заҳарланишга олиб келиши мумкин, — дейди Д.Алимов. — Шунинг учун ҳам уни “сездирмасдан ўлдирувчи” деб номлашади. Ис гази ҳосил бўлишининг асосий сабаби – ёниш майдонида етарли кислород мавжуд эмаслигида бўлади. Чала ёниш вақтида ёқилғининг тўлиқ ёниши натижасида умуман зарарсиз ҳисобланган карбонат ангидрид ҳосил бўлиши ўрнига ис гази пайдо бўлади. 

— Ис газидан заҳарланиш қандай ҳолатларда юзага келиши мумкин?

— Бу офатнинг бир неча сабаблари бор. Асосан: 

  • ёнғин кузатилаётган вақтда;
  • ишлаб чиқаришда турли хил органик моддаларни синтезлашда ис газидан фойдаланиш жараёнида;
  • етарли ҳаво айланмайдиган шароитларда газга мослаштирилган мосламаларнинг ҳавони тортиш механизми ишдан чиққанда ёки газнинг ёниши учун вентиляция каналларига ҳаво етарлича кириб турмаса; 
  • уй шароитларида табиий газ қувурларидан газнинг сизиб чиқишлари ва печли иситиш шароитларида печлар қопқоғини ўз вақтида ёпилмаслик ҳолатларида.

Дунё статистик маълумотларига кўра, ис газидан заҳарланиш туфайли ўлим кўрсаткичлари алкоголдан вафот этишдан сўнг, иккинчи ўринни эгаллайди. Масалан, АҚШда бир  йилда ўртача 400 нафарга яқин одам ис газидан эҳтиётсизлик сабабли нобуд бўлади.

— Ушбу  газнинг одамга таъсир қилиш механизми ҳақида нима дея оласиз?

 — У аввало,  қонга кириб, гемоглобин ҳужайраларини зарарлайди. Табиийки, шундан сўнг гемоглобин кислород ташиш қобилиятини йўқотади. Одам бу газдан қанча кўп нафас олса, унинг қонида шунчалик кам гемоглобин қолади ва организм ҳам кам кислород олади. Ис газидан заҳарланишдан сўнг гемоглобин ҳужайраларини тиклаш учун кўп вақт талаб этилади.

Ис газидан заҳарланиш қисқа муддатларда ёки секинлик билан юзага чиқиши мумкин. Асосан, ўша муҳитдаги ҳаво таркибидаги унинг концентрациясига боғлиқ. Жуда юқори концентрацияларда заҳарланиш тезда юзага чиқади, ҳушдан кетиш, турли хил тутқаноқлар ва нафас тўхташи билан намоён бўлади. 

— Жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатишда нималарга эътибор бериш керак? Умуман бундай фавқулодда ҳолатларда қайси даволаш муассасаларига мурожаат қилиш керак? 

— Биринчи ёрдамни жуда зудлик билан кўрсатиш зарур. Бу жараён  қуйидаги қадамларни ўз ичига олади:

  • Аввало, жабрланувчини имкон қадар тезроқ тоза ҳавога олиб чиқиш;
  • Иккинчидан, нафас олишни енгиллаштириш – нафас йўлларини тозалаш, яъни кийимларини ечиш, тилнинг орқага кетиб қолишини олдини олиш учун жабрланувчини ёнбош ётқизиш;
  • Учинчидан, нафасни стимуллаш. Кўкрак қафасини артиш, оёқ ва қўлларни иситиш. 
  • Энг асосийси – албатта, тез тиббий ёрдам чақириш зарур.

 
Ҳатто бемор кўринишидан қониқарли аҳволда бўлса ҳам уни шифокор кўриши шарт. Сабаби ҳар доим ҳам касаллик белгиларига асосланиб, ҳақиқий заҳарланиш даражасини аниқлаб бўлмаслиги мумкин. Оғир даража заҳарланиш ҳолатларида реанимацион чора-тадбирлар кўрилади.

Айни пайтда бу турдаги фавқулодда ҳолатларда юзага келадиган жабрланган беморларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида пойтахтда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг худудлардаги филиаллари ва туманлардаги бўлимларида туну кун шифокорлар фаолият кўрсатади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

26

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг