Инвесторларга тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилади – Мирзиёев

Жамият

image

Келгуси йилдан бошлаб, Ўзбекистонда инвесторлар низоли масалаларни ҳал этиш учун тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномасида сўз борди. 

Давлат раҳбари суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришларга тўхталаркан, сўнгги 4 йилда ушбу соҳани ислоҳ қилиш бўйича дадил қадамлар қўйилгани, бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 40 дан ортиқ қонун, фармон, қарорлар қабул қилинганини урғулади. 

“Адолат – бу давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, бу борада ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп”, дейди Президент. 

Қайд этилишича, Янги йилдан бошлаб Ўзбекистонда жорий этиладиган “бир суд – бир инстанция” тамойили суд қарорлари адолатли, қонуний ва барқарор бўлишини таъминлашда бош мезон бўлади.

“Ҳозирги кунда вилоят судлари томонидан чиқарилган қарорлар устидан берилган шикоятларни шу судларнинг ўзида кўриб чиқилар эди. Биргина 2019 йилда вилоят судлари қабул қилган 13 мингта қарор Олий суд томонидан ўзгартирилган ва бекор қилинган. 

Келгуси йилдан бошлаб бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилади. Одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинади”, дейди Президент .

Янги йилдан бошлаб фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги судлар битта суд сифатида бирлаштирилади.  

Шу билан бирга, келгуси йил бошидан судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти жорий қилинади. Бунда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишни аввалгидек тергов ёки прокуратурага қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилади. 

Қолаверса, инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестиция, низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилади. Энди йирик инвесторлар ўз хоҳишига кўра,  низони ҳал этиш учун тўғридан тўғри Олий судга мурожаат қилиши мумкин. 

Суд тизимидаги рақамлаштириш тизими янада кенгайтирилиб, фуқароларга онлайн тартибда мурожаат қилиш имконияти яратилади. Шунингдек, фуқаролар ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб бориши мумкин бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

16

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг