Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга ташрифи кун тартиби очиқланди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев жорий йилнинг 21-22 июнь кунлари давлат ташрифи билан мамлакатда бўлади.

Ташриф кун тартибидан Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Икки мамлакат етакчилари ўзаро савдо ҳажмини ошириш, тадбиркорлар ва ҳудудлар даражасида кооперация алоқаларини кучайтириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш, транспорт-транзит соҳасидаги имкониятлардан самарали фойдаланиш, фаол маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратадилар.

Бундан ташқари, давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий вазият юзасидан фикр алмашадилар, кўп томонлама тузилмалар доирасида фаол мулоқотни ривожлантириш ва ўзаро қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қиладилар.

Олий даражадаги музокаралар якунида саноат, транспорт, қишлоқ хўжалиги, энергетика, илм-фан ва инновациялар, туризм ва бошқа йўналишларда амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўпламини имзолаш кўзда тутилган.

Таъкидлаш жоизки, ташриф арафасида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг етакчи компания ва корхоналари иштирокида ишбилармонлик тадбирлари ўтмоқда.

Кейинги йилларда икки томонлама савдо кўрсаткичлари ва қўшма корхоналар сони сезиларли даражада кўпайди. 2021 йилда товар айирбошлаш ҳажми 42 фоизга, жорий йил январь-май ойларида 49 фоизга ўсди.

Ўтган йили Озарбайжон ҳудудида ўзбек автомобилларини йиғиш бўйича ишлаб чиқариш майдончаси ишга туширилди. Ипакчилик, аграр мажмуа, қурилиш материаллари саноати, нефть-газ, фармацевтика ва озиқ-овқат тармоқларида янги кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда ва ишлаб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июнь ойида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистон Республикасига расмий ташриф билан келиши ҳақида хабар берган эдик.

Қолдирилган ташриф

2021 йилда Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга ташриф буюриши айтилганди. Бироқ бу ташриф амалга ошмади.

Қолаверса, 2020 йилнинг 15-16 апрель кунлари ҳам Илҳом Алиев мамлакат вице-президенти – Биринчи хоним Меҳрибон Алиева билан Ўзбекистонга ташриф буюриши режелаштирилганди. Аммо коронавирус пандемияси сабабли Ўзбекистонга ташриф кейинга қолдирилди. Президент Илҳом Алиев ташриф эпидемиологик вазият имкон берган заҳоти амалга ошишини таъкидлаганди.

2020 йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳри Миробод тумани Темирйўлчилар кўчасида озар халқининг умуммиллий лидери, Озарбайжон Республикасининг учинчи Президенти Ҳайдар Алиев номидаги умумий майдони 0,51 гектар бўлган боғ барпо этилаётгани хабар қилинган. Боғни икки давлат Президентлари очиб бериши режалаштирилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Илҳом Алиев

Баҳолаганлар

101

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг