Икки шаҳар ҳокимлари Президент ўтказаётган йиғилишни тарк этди

Олам

image

Туркияда Президент Ражаб Тойиб Эрдўған раҳбарлигида “Истанбул канали” лойиҳасини амалга оширишга старт берилди. Бугун, 15 январь куни ушбу лойиҳа юзасидан Ражаб Тойиб Эрдўған иштирокида “Ақлли шаҳарлар” конгресси ўтказилди. Лойиҳага протест ўлароқ Истанбул ҳокими Экрам Имомўғлу ва Анқара шаҳар ҳокими Мансур Яваш конгрессни тарк этди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар бермоқда. 

Икки ҳоким ҳам мазкур конгрессга махсус меҳмон сифатида таклиф этилгани айтилмоқда. Бироқ, улар Атроф-муҳит вазири Мурат Курум нутқ сўзлашни бошлаганда, йиғилишдан чиқиб кетган. 

Экрам Имомўғлу йиғилишдан чиқишда, оммавий ахборот воситалари ходимлари билан суҳбатлашиб, қуйидагиларни сўзлаган:

“Истанбул канали лойиҳаси ҳақида нотўғри маълумот бериляпти. Тўғри маълумот эса мен ёзган тўрт саҳифалик мактубда келтирилган”. 

“Истанбул канали” лойиҳаси 2011 йилда ўша вақтдаги Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўған томонидан тақдим этилган эди. У лойиҳани ҳавола этаркан, “бу лойиҳа менинг энг катта хаёлим”, деган эди. 

Мазкур лойиҳа Истанбул шаҳрида Қора денгиз ва Мармара денгизи ўртасида сунъий сув йўли очилишини назарда тутади. Лойиҳалаштирилган каналнинг узунлиги 40 километр, кенглиги 150 метр ва чуқурлиги 25 метрни ташкил этади. Агар лойиҳа амалга оширилса, канал билан биргалик Истанбул бўғози танкерлар ҳаракати учун бутунлай ёпилади. 

Лойиҳа доирасида Истанбулда иккита ярим орол ва битта орол пайдо бўлади. 

“Истанбул канали” атрофида барпо этиладиган ер майдони эса 453 миллион квадрат метрни ўз ичига олади. 

Мамлакатдаги мухолиф партиядан Истанбул шаҳар ҳокимлиги сайланган Экрам Имомўғлу “Истанбул канали”ни “Бир жиноят лойиҳаси” деб номлаган эди. Бу эса Президент Эрдўған ва Истанбул ҳокими ўртасидаги зиддиятларга сабаб бўлди. 

“Эҳ канал, эҳ Истанбул. Шу қадар аниқ ва шу қадар муҳим қарор. Биз аввалги бошқарув тизимининг имзоси бўлган ушбу лойиҳадан узоқ турамиз”, деган эди Истанбул ҳокими. 

Президент Эрдўған “Истанбул канали” лойиҳасини амалга оширилишига маҳкам бел боғлаган. У Имомўғлунинг иддаоларини ҳам жавобсиз қолдирмади. 

“У чиқиб, Истанбулга бундай канал кераксиз дейди. Бундай қарорни қабул қилиш ҳуқуқи сеники эмас. Биз бу бўйича қарор қабул қилдик. Сени бундай ҳуқуқинг йўқ. Бу ҳуқуқ Истанбул ҳокимлигига оиддир. Бу лойиҳа учун қадам ташладик ва бунда давом этамиз. Йўлимизда журъат билан давом этамиз. Бу ишни бажарамиз. Ташкилотларнинг вазифаси давлатнинг қарорига мувофиқ ўз мажбуриятларини бажаришда иштирок этишдир. Халқ ва қонун олдидаги бурчини менсимайдиган ҳисобини беради”, деган эди Ражаб Тойиб Эрдўған. 

Ҳозирча Президент икки шаҳар ҳокимларининг конгрессни тарк этишига нисбатан муносабат билдиргани йўқ. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған Экрам Имомўғлу Истанбул канали

Баҳолаганлар

195

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг