ИИВ митинглар тўғрисидаги қонуннинг Беларусдаги намойишларга алоқаси йўқлигини баён қилди

Жамият

image

Аввалроқ, “Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилгани ҳақида хабар берган эдик.

Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилгандан сўнг, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг, ушбу қонунни қабул қилиш зарурати Беларусда ўтказилаётган оммавий норозилик намойишларидан сўнг вужудга келганлиги тўғрисида турли фикрлар пайдо бўлишни бошлади.

Қонун муаллифи бўлган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги мазкур фикрлар ноўринлигини айтиб, расмий баёнот берди.

Вазирликнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилигида йиғилиш, митинг ва намойишлар тушунчалари, уларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас. Мазкур ҳуқуқий бўшлиқ ҳанузгача, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33-моддасида кўрсатилган қоидаларни тўлиқ рўёбга чиқаришга имкон бермасдан келмоқда.

Шунингдек, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти қошидаги Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг 2019 йил 22 декабрда мамлакатда ўтказилган парламент сайловлари бўйича якуний ҳисоботидаги камчилик сифатида ҳам республикада фуқароларнинг ижтимоий фаолликларини тартибга солувчи бирорта норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги кўрсатилган эди.

Шунга асосан, вазирлик томонидан мазкур йўналишдаги халқаро (РФ, АҚШ, Германия, Франция, Эстония, Озарбайжон, Туркманистон, Тожикистон Қирғизистон, Қозоғистон) тажрибани чуқур ўрганган ҳолда юқорида кўрсатилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. 

“Мазкур қонунни қабул қилишдан асосий мақсад, фуқароларнинг ўз ижтимоий фаолликларини митинг, йиғилиш ва намойишлар кўринишида амалга оширишга қаратилган конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, шунингдек уларнинг ушбу соҳадаги ҳуқуқий саводхонлигини оширишдан иборат”, дейилади вазирлик баёнотида.

Маълумот учун, қонун лойиҳасига мувофиқ митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш қоидаларига амал қилинишини таъминлаш учун тўлиқ масъулиятни зиммасига оладиган 18 ёшга тўлган бир ёки бир неча Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари митинг, йиғилиш ва намойишлар ташкилотчиси бўлиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

ИИВ митинг

Баҳолаганлар

91

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг