ИИВ “Асалҳоней”нинг ўлдириб кетилиши бўйича жамоатчиликка мурожаат билан чиқди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги инста-блогер “Асалҳоней”нинг вафоти бўйича турли шов-шувли ва асоссиз маълумотлар тарқатаётган ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини огоҳлантирди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсовнинг видеомурожаатида айтилади. 

“Охирги кунларда, ижтимоий тармоқлар орқали аҳолимиз ўртасида шов-шув уйғотиб келаётган бир нечта маълумотлар тарқаётганлигини гувоҳи бўлишимиз мумкин. Масалан, “Асалҳоней” номи билан танилган фуқаро Хўжаеванинг қотиллигига тааллуқли бўлган хабарлар”, деб гап бошлайди Ғиёсов.

Маълумки, куни кеча ижтимоий тармоқларда "Асалҳоней" номи билан танилган Асал Матёқубовна Хўжаеванинг жасади қотиллик аломатлари билан топилди. Ғиёсовга кўра, ушбу ҳолат бўйича ижтимоий тармоқларда асоссиз хулосалар ва текширилмаган маълумотлар тарқатилмоқда. 

“Амалдаги тартибга кўра, воқеага тўлиқ ҳуқуқий баҳо берилиб, айбдорларнинг қилмиши суд томонидан исботланмагунча жамоатчиликка ахборот берилмайди.

Ижтимоий тармоқларда эса, биз, жиноятга оид турли тахминлар, асоссиз хулосалар ҳамда текширилмаган маълумотларни тарқаётганлигини кўряпмиз.

Эслатиб ўтаман, тергов органларининг ёзма рухсатисиз, терговга оид материалларни тарқатиш қонунга зид”, дейди ИИВ вакили.

Маълумот учун, Асал Хўжаеванинг мурдаси жорий йилнинг 18 март куни соат 10:01 да Яшнобод тумани ИИО ФМБ Навбатчилик қисмига Яшнобод тумани, Махтумқули кўчаси, 99-уй, 210-хонадоннинг ётоқхонасида қотиллик аломатлари билан топилганди.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, Асал Хўжаеванинг ўлими қорин олд соҳасида бир дона санчилиб кирувчи кесилган жароҳати, бўйин чап томони санчиб кесилган жароҳати, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия юмшоқ тўқималарига қон қуйилиши оқибатида юз бергани аниқланган.

Воқеа жойи криминалистика техника воситалари ёрдамида кўздан кечирилиб, қонга ўхшаш доғлардан намуналар, мурда кийимлари, қўл бармоқ излари, 1 дона ноутбук, 1 дона флешка, 4 дона уяли алоқа телефони, 4 дона банк пластик карталари далилий ашё сифатида олинган. 

Воқеа жойига Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари Икром Наримов, шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Турсунов, Яшнобод тумани прокурори А.Донаев, шаҳар ИИББ ва туман ИИО ФМБ раҳбарияти ҳамда тезкор тергов гуруҳи аъзолари етиб борган.

Айни вақтда Асал Хўжаевани ўлдиришда гумонланган шахс қўлга олинган. Бош прокуратурага кўра, “Асалҳоней” қотиллигида 1997 йилда Хоразм вилоятида туғилган шахс гумонланмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Асалҳоней

Баҳолаганлар

1895

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг