“HUMAN” раҳбари 10 йилга “кесилди”

Жамият

image

“HUMAN” хусусий бандлик агентлиги ўзга юртга ишлагани олиб кетишни ваъда қилиб, фириб йўли билан кўплаб ўзбекистонликларни чув туширгани ҳақида бир неча бора хабар берган эдик. Ушбу фирибгарлик тизимининг муаллифи бўлган Ш.Файзуллаевга нисбатан суд иши бошланган эди. Хўш, бу иш қандай якунланди?

Ш.Файзуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси ("Фирибгарлик") 3-қисми "б", "в" бандлари, 189-моддаси ("Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш") 1-қисми ва 243-моддасида ("Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш") назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар бермоқда. 

Шунингдек, қизиқ томони Ш.Файзуллаевга нисбатан Жиноят кодексининг 227-моддаси 2-қисми "а" банди ва 179-моддаси билан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар)нинг тегишли бандларига асосан реабилитация қилинди, яъни бу жиноятлар чиқариб ташланган. Бундан ташқари, айбловдан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 192-11-моддаси 2-қисми "а" банди ҳам чиқарилган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди судьяси Хайрулла Раҳмонов раислигида бўлиб ўтган суд якунига кўра, тайинланган ҳар хил турдаги жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Судланувчи Ш.Файзуллаевдан 1080 нафардан ортиқ жабрланувчилар фойдасига 21 млрд 192 минг сўмдан зиёд миқдорда моддий зарар ундирилиши белгиланган.

Раислик қилувчи томонидан шикоят қилиш муддати тушунтирилган. 
Маълумот ўрнида, Шоҳинур Файзуллаев ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми "а" банди билан айбланиб, "қамоққа олиш" тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган ва иши судга оширилган эди. 

Тергов жараёнида мингдан зиёд фуқаро жабрланувчи ва фуқаровий даъвогарлар қатнашган. Умумий зарар миқдори 21 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилгани аниқланган.

Эслатиб ўтамиз, "HUMAN" ҳусусий бандлик агентлиги ўзининг фаолиятини Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан берилган лицензия асосида юритган.


Мақола муаллифи

Теглар

HUMAN

Баҳолаганлар

137

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг