Гутерриш Украинадаги уруши ҳали-бери тугамаслигини айтди

Олам

image
0:00
0:00
download

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Украина ва Туркия Президентлари билан Львовда бўлиб ўтган уч томонлама учрашувда Украина муаммосини ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларни муҳокама қилиб, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича аниқ музокаралар бошланишига ҳали узоқ йўл бор эканини айтди. Бу ҳақда брифингда БМТ Бош котиби вакили ўринбосари Фархон Ҳақ маълум қилди.

“Бош котиб тинчлик ишини илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатларни муҳокама қилди. Аммо биз урушни тўлиқ тўхтатиш борасидаги саъй-ҳаракатларни муҳокама қиладиган вақтдан ҳали жуда узоқмиз”, дея қўшимча қилган Ҳақ.

Унинг таъкидлашича, музокаралар давомида, хусусан, МАГАТЭнинг Запорожье АЭС ва Еленовкадаги тергов изоляторининг ўққа тутилиши фактларини аниқлаш миссияси муҳокама қилинган. 

"Ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳақида бошқа ҳеч нарса дейишнинг иложи йўқ. Ҳарбий ҳаракатлар ҳаттоки, бугун ҳам давом этаётгани кўриниб турибди", дейди Ҳақ.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

6

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг