Гулнора Каримовага тегишли бўлган меҳмонхона ва оромгоҳ сотувга қўйилди

Жамият

image
0:00
0:00
download

“Пойтахт” бизнес мажмуаси, “Ичан қалъа” меҳмонхонаси, “Белдирсой” оромгоҳи, “Сижжак” дам олиш маскани, “Малика” савдо мажмуаси, собиқ Республика биржаси сотувга қўйилди

Давлат активларини бошқариш агентлиги хабарига кўра, активларни сотиш икки босқичда ўтказилади.

1-босқичда – талабгорлар сараланади, жумладан, савдоларда қатнашиш учун талаб қилинган ҳужжатларнинг тўлиқлиги, закалат пули келиб тушганлиги, давлат активларидан келгусида фойдаланиш йўналишларига қўйилган талабга нисбатан талабгор томонидан таклиф этилган бизнес концепцияси лойиҳасининг мақбул ёки мақбул эмаслиги кўриб чиқилади;

2-босқичда – талабгорнинг тижорат таклифлари (сотиб олиш нархи ва тўловни амалга ошириш муддати) ҳамда тўлов қобилияти баҳоланади.

Қайд этилишича, талабгорлар бир ёки бир нечта таклифлар тақдим қилиши мумкин. Бунда, ҳар бир давлат активи бўйича таклифлар алоҳида берилади.

Агарда талабгор давлат активини сотиб олиш тўловини бир ойдан кўп муддатларда (кўпи билан 36 ой) амалга оширишни таклиф этса, унинг нарх таклифи ушбу муддатларни инобатга олган ҳолда, белгиланган тартибда жорий қийматга келтириб баҳоланади.

Маълумот учун, Гулнора Каримовага тегишли деб кўриб келинган “Ичан қалъа” меҳмонхонаси 2013 йилда унинг “салтанати” қулаши ортидан бир неча йил фаолият юритмади. Ўша кезларда меҳмонхонанинг қимматбаҳо ўйма эшиклари тегишли ташкилотлар томонидан муҳрланган эди. Гулнора Каримова 2012 йилда ушбу меҳмонхонада ўзига тегишли “Guli” атторлик буюмлари брендининг янги маҳсулотлари тақдимотини ўтказган. Маросимда Туркиянинг “Муҳташам юз йил” сериали бош қаҳрамони Ҳалид Эргенч ҳам меҳмон бўлган эди.

Шунингдек, “Сижжак” дам олиш оромгоҳи ҳам Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли бўлган. Оромгоҳда меҳмонхона, бир нечта ҳовуз, амфитеатр, коттеж ва бошқа иншоотлар мавжуд. Ушбу оромгоҳга 2017 йил 10 февралда Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди томонидан санкция қўйилган.

Кейинроқ оромгоҳ Ўзбекистон Триатлон федерациясига машғулот базаси сифатида фойдаланиш учун берилиши режалаштирилганди. Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси ишлаб чиқилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Гулнора Каримова

Баҳолаганлар

1459

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг