Ғофурбойнинг рафиқаси ва Миралиевлар иши: Раҳимова ўрнига “Жаслиқ”нинг собиқ маҳбуси кўрсатма берди

Таҳлил

image

Февраль ойининг энг шов-шувли суд ишларидан бири Ғофур Раҳимовнинг рафиқаси Лола Раҳимова ва ака-ука Миралиевлар иши бўлди. Миралиевлар оиласининг кенжа вакили Элдор Миралиевга нисбатан жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди ва 168-моддаси 4-қисми “а” банди, 166-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

QALAMPIR.UZ мазкур иш юзасидан жиноят ишлар бўйича Сирғали туман судида ўтказилаётган суд жараёнларида қатнашиб келмоқда. Кеча, 17 февраль куни навбатдаги суд мажлиси ўтказилди. Ушбу суд мажлисига Ғофур Раҳимовнинг рафиқаси келиши кутилган эди. Бироқ, унинг ўрнига кўрсатма бериш учун бошқа шахс келди.

Даставвал суд мажлисида гувоҳ Н.А. кўрсатма берди. Унинг айтишича, қариндоши Ш.А. (жабрланувчи – таҳр.) битта ҳисобрақамга 200 минг АҚШ доллари беришни сўраган. “Мен пулларни “безвозмездное” тарзида ўтказганман”, дейди гувоҳ. Ишда яна бир гувоҳ Б.А. ҳам иштирок этди. Ушбу гувоҳ пулнинг 100 минг АҚШ долларини Элдор Миралиевнинг қўлига берганини, Р.И. билан таниш бўлмаганини айтди. 

Ушбу ишда нотариал идора вакили ҳам қатнашди. Мирзо Улуғбек тумани 10-сонли нотариал идора вакили саналмиш К.З. олиб борилган олди-сотди шартномалар ҳақида тушунтириш берди. 

Суд мажлисида охирги бўлиб, юқорида таъкидланганидек, Лола Раҳимова ўрнига Қ.Ғ. сўзга чиқди. Ушбу шахс Лола Раҳимованинг қонуний вакили сифатида кўрсатма беришини айтди. Суд уни мазкур иши бўйича гувоҳ сифатида эътироф этилгани ҳақида таъкидлади ва кўрсатма бериш учун сўз берди.

“2018 йил 26 январь куни “Жаслиқ” колониясидан озод этилдим. Шундан сўнг, оқландим. Бутун 2018 йилни мен соғлиғимни тиклаш билан ўтказдим. Мен Элдор Миралиевни биринчи марта 2018 йили 26 март куни Москвада учратдим. Бу ишга ўзимнинг шахсан боғлиқлик жойим йўқ. Мен билан Элдор Миралиев аэропортда учрашди. Сўнг, Лола Раҳимованинг олдига олиб борганди.

2019 йил январь ойида Лола Раҳимовага оид жиноят иши Бош прокуратура томонидан тугатилди. Лола Раҳимованинг айтишича, 2014 йилда Ойбек Миралиев Европа кредит банкидан 2 миллион АҚШ доллари миқдорида кредитни Раҳимова номига олган. Раҳимова Интерпол бўйича, Ўзбекистонда қидирувда бўлган. Шу сабабли, Ойбек Миралиевга ишончнома тақдим этилган. 2019 йил бошида жиноят иши бекор бўлгани сабабли Лола Раҳимова эркин тарзда ҳаракатланиши мумкин бўлган. Кредитнинг 200 минг АҚШ доллари қисмига Mercedes Mybach сотиб олиши кўзланган. Шунинг учун, Элдор ва Сардор Миралиевларга ҳам ишончнома тақдим этилган.

2019 йил январида Ўзбекистонга автомобиль олиб келинган. Февраль ойи ўрталарида автомашинага рақам олинган. Шунда маълум бўляптики, автомобиль Раҳимованинг номига эмас, учинчи шахс номига расмийлаштирилган экан. Шундан сўнг, Лола Раҳимова ишончномани бекор қилади. Автомашина Лола Раҳимова ёки унинг ўғли Акмал Раҳимовга ўтказилиши лозим бўлган”, дея таъкидлади гувоҳ.

Гувоҳнинг Лола Раҳимова тилидан гапираётганига раислик қилувчи эътироз билдирди. “Гувоҳ мақомида кўрсатма беряпсиз. Фақат ўзингизга маълум бўлганини гапиринг. Бировнинг гапини айтманг”, деди судья.

Айбланувчининг ҳимоячиларидан бири қуйидагича савол берди:

“Кредит олинган ва ўша 2 миллион АҚШ доллари Миралиевлар томонидан ёпилган бўлса, бу ерда арз қилишга сабаб нима? Кредит ажратилди. Лола Раҳимова томонидан ишончнома берилди. Қонунан сотиб олиш ҳуқуқи бор. Бу ноқонуний эканлиги ҳақида бирор ҳуқуқий асос, хужжат мавжудми? Автомобиль сотиб олаётганда ўзининг тартиби бор. Мана бу ишончнома асосида деб кўрсатилади, тўғрими?”.

Гувоҳ бу масалада маълумотга эга эмаслигини таъкидлади. “Билмадим. Мен бундай нарсани кўрмаганман”, дея жавоб берди гувоҳ Қ.Г. Адвокат гувоҳдан бу масалада бирор юридик кучга эга бўлган хужжат кўрсатишини сўради. Гувоҳ буни ўзининг чиқарган хулосаларидан келиб чиқиб гапираётганини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 21 сентябрда Ойбек Миралиев Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан айбланиб, унга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган ҳолда қидирув эълон қилинган. 2019 йил 23 сентябрь куни у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилот ходимлари томонидан ушланган. Элдор Миралиевга жиноят иши доирасида 168-модданинг 3-қисми “а” банди ва 168-модданинг 4-қисми “а” банди, 166-модданинг 4-қисми “а” банди билан айбланиб суд иши кўриб чиқилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Жаслиқ Ғофурбой Миралиевлар иши

Баҳолаганлар

803

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг