Ғазода Исроил ҳужумлари натижасида ўлганлар 230 нафардан ошди

Олам

image

Исроил армиясининг жорий йил 10 май кунидан бери Ғазо секторига уюштираётган ракета ҳужумлари натижасида ҳалок бўлганлар сони 230 нафарга етди. Бу ҳақда РИА Новости Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб хабар берди.

Вазирликнинг хабар қилишича, қурбонлар орасида ўнлаб болалар ва аёллар бор. Ачинарлиси шуки, ҳалок бўлганларнинг аксарияти 65 ёшга етмаганлардир.

“Можаро авж олган даврдан бошлаб Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳаво ҳужумларида ҳалок бўлган фаластинликларнинг умумий сони 230 нафарга етди. Шулардан 65 нафари болалар ва 39 нафари аёллардир. Бундан ташқари, 1710 киши жароҳат олди”, дейилади вазирлик хабарида.

Можаро бошланганидан бери Фаластин томонидан Исроил ҳудудига 4070 та ракета учирилган. Уларнинг катта қисмини Исроилнинг “Темир гумбаз” ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ерга тушмасдан зарарсизлантирган.

Шунга қарамай, қарши томонда ҳам йўқотишлар йўқ эмас. Сўнгги маълумотларга кўра, Исроилда 12 киши ҳалок бўлган, 50 дан ортиқ одам жиддий жароҳат олган.

Исроил-Фаластин можаросининг кескинлашиши

Жорий йилнинг 7 май – Рамазон ойининг охирги Жума куни, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди атрофида тартибсизликлар бошланди. Бунга Исроил полицияси томонидан фаластинлик араблар таровеҳ намозини ўқиётган ушбу масжидга ҳужум қилингани сабаб бўлди. Бундан ташқари, Исроил суди Шайх Жарроҳ маҳалласида яшовчи араб оилаларини кўчириш тўғрисида қарор чиқарди. Чунки бу ерларга яҳудийлар даъво қилиб келади. 

Шундан сўнг, Ғазони назорат қилувчи фаластинликларнинг ҲАМАС ҳаракати Исроилни огоҳлантирди: Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ва Шайх Жарроҳ маҳалласидан аскарларни олиб чиқиб кетиш учун маҳаллий вақт билан соат 18:00 гача муддат қўйди.

Шарт бажарилмагач, 10 май куни ушбу ҳаракат Исроилнинг бир қатор шаҳарларини 45 та ракета билан ўққа тутди. Бироқ Исроилнинг ҳаво ҳужумига қарши “Темир гумбаз” мудофаа тизими ушбу 45 ракетанинг катта қисмини осмоннинг ўзида зарарсизлантирди. Баъзилари эса аҳоли яшаш пунктига тушди. Вақт ўтиши ва икки ўртадаги зиддият ортиб бориши билан бу сценарий кўп марта такрорланди. ҲАМАС ракета учираверди, Исроил унинг катта қисмини зарарсизлантириб, қарши ҳужум билан жавоб қайтараверди.

Исроил судининг биргина қарори ва масжидга қилинган ҳужум шундай шиддатли ҳарбий ҳаракатларни келтириб чиқарди. Оқибатда эса Ғазо секторида яшовчи 230 фаластинлик ҳалок бўлди, 1710 дан ортиқ одам жароҳат олди.

Камола Амирова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

49

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг