Ғарб уйғонди: АҚШ, Буюк Британия, ЕХҲТ Ортиқхўжаевнинг таҳдидига изоҳ талаб қиляпти

Жамият

image

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларга қарата айтган таҳдиди аудиоси нафақат мамлакатда, балки дунё ҳамжамиятида катта шов-шувга сабаб бўлди. 

Аудио тарқалганидан бироз вақт ўтиб ҳоким Kun.uz таҳририяти мухбирларига таҳдид қилгани маълум бўлди ва бу масала томонлар ўртасида ҳал қилинди.

Бироқ, вазиятни кузатиб турган Ғарб давлатлари ва халқаро ташкилотларнинг ОАВ ҳимоясига отланган вакиллари Ортиқхўжаевнинг аудиосига муносабат билдирмай қолмади.

Дастлаб, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир Twitter орқали муносабат билдирди.

“Ўзбекистонда юқори лавозимли амалдорнинг Kun.uz ахборот агентлиги журналистларига таҳдидлари ҳақидаги хабарлар мени хавотирга солмоқда. Прокуратурани ушбу масалага тезкор муносабат билдиришга чақираман ва умид қиламанки, улар вазиятни синчковлик билан ўрганиб, журналистларнинг хавфсизлигини таъминлайди”, деди Арлем Дезир.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот эса Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан ҳеч учрашмагани, аммо учрашгудек бўлса, у  билан журналистлар хавфсизлиги масаласини муҳокама қилмоқчилигини билдирди.

“Афсуски, мен ҳали Тошкент ҳокими билан учрашмаганман. Унинг сўнгги изоҳлари мени хавотирга солмоқда. Журналистларнинг хавфсизлиги ОАВ эркинлигининг асосий принципидир. Буюк Британия доим журналистларнинг хавфсизлиги ва оммавий ахборот воситаларининг эркинлигини ҳимоя қилишни қўллаб-қувватлайди. Учрашганимизда ушбу масалани муҳокама қилишни орзиқиб кутаман”, деди элчи Twitter`даги саҳифасида.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси шаҳар ҳокими Ортиқхўжаевнинг ҳаракатларини қоралаб чиқди.

“Америка Қўшма Штатлари #сўзэркинлиги ва #изоҳэркинлигини тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва эркин жамиятда бу нарсалар катта аҳамиятга эга деб ҳисоблайди. Биз журналист ва блогерларга қилинаётган таҳдидларни қоралаймиз”, дейилади элчихонанинг ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифасида.

Эслатиб ўтамиз, пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев журналистларга таҳдид қилиш асносида уларни гей деб эълон қилиши ва йўқ қилиб юбориш билан қўрқитишга уринган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Жаҳонгир Ортиқхўжаев ЕХҲТ

Баҳолаганлар

594

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг