Футбол: Олимпиада иштирокчилари гуруҳларга бўлинди

Спорт 4133
image
-

Хабарингиз бор, эртага, 23 июль куни Япониянинг Токио шаҳрида тўрт йилликнинг энг муҳим спорт воқеаларидан бири бўлган Олимпия ўйинларига старт берилади. Биз эса Япония пойтахти мезбонлик қиладиган Олимпиаданинг футбол баҳслари ҳақидаги энг муҳим маълумотлар билан ўртоқлашамиз. 

“A” гуруҳи

Япония, Франция, Мексика, Жанубий Aфрика

Мусобақа мезбонлари жойлашган “A” гуруҳида вазият анча чигал. Биринчи ўрин учун амалдаги Жаҳон Чемпионати ғолиби — Франция яққол фаворит эканлиги маълум. Гуруҳдаги иккинчи ўрин учун баҳс эса аёвсиз кечади. Мексика ва Жанубий Aфрика термаларига японлар етарлича қаршилик кўрсатиш ниятида. Япония футбол раҳбарлари бу мусобақа учун деярли 4 йилдан бери тайёрланиб келмоқда. Натижа ҳам шунга яраша бўлса, ажаб эмас. Франция мусобақага ЖЧ ғолиби — Флориан Тоувен ва Европа чемпионати кумуш медали эгаси Жиняк билан ташриф буюрди. Шунингдек, таркибда Камавинга, Люка Тузар сингари иқтидорли ёш футболчилар ҳам мавжуд.

“Б” гуруҳи

Янги Зеландия, Жанубий Корея, Гондурас, Руминия

Бу гуруҳда машҳур номларни кузатмайсиз, бироқ ўйин даражаси юқори бўлиши аниқ. Мутахассисларнинг аксарияти квартетда Жанубий Кореянинг имкониятларини яхшироқ баҳоламоқда. Шунингдек, Янги Зеландия ҳам кашфиётга айланиши ҳеч гап эмас. Руминия ва Гондурас терма жамоалари эса, анча тажрибалироқ футболчилар билан мусобақага ташриф буюрмоқда. Умуман олганда, гуруҳ ном жиҳатдан бошқа гуруҳлардан бироз орқада қолади.

“C” гуруҳи

Миср, Испания, Aргентина, Aвстралия

Бу гуруҳда автоматик равишда эътибор марказимизда Aргентина ва Испания бўлиши аниқ. Миср ва Япония жамоалари турнирдаги фаворитлар орасида камтарин жамоаларга айланиб қолишади. Шундай бўлса-да, улар грандларга қарши максимум кураш олиб боришга уринади, аммо ўртадаги фарқ улкан. Эътиборлиси шундаки, Испания анча кучли таркиб билан Японияга ташриф буюрган. "Қизил фурия"ни бемалол олтин медаллар учун асосий даъвогар, деб аташ мумкин. Уларнинг таркибидан Унаи Симон, Педри, Дани Себальос ва Марко Асенсио сингари юлдузлар жой олган.

“Д” гуруҳи

Бразилия, Германия, Кот-д'Ивуар, Саудия Aрабистони

Номлар борасида ЖЧ билан ҳам бемалол баҳслаша оладиган тўртлик билан танишинг. Биринчи навбатда Бразилия терма жамоасининг танланган таркибидаги юлдузларга эътибор қаратинг. Ришарлисон, Мартинелли, Реиньер ва Дани Aлвеш сингари номлар кўзингизга таниш кўринади.

Шунингдек, Германия терма жамоаси ҳам турнирда ғолиблик учун асосий даъвогарлардан бири. Ўтган Олимпия ўйинларида Бразилия ва Германия финалда тўқнаш келган эди. Бу сафар улар гуруҳ босқичидаёқ ўз кучини синаб кўриш имкониятига эга.

Олимпиада бизга футбол байрамини тақдим этиши аниқ. Барча ўйинлар рўйхати билан танишинг:

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 105
Рейтинг: 3.1
t
×