Франция маҳсулотларини ҳеч қачон сотиб олманг – Эрдўған

Олам

image

Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған турк фуқароларини француз маҳсулотларини сотиб олмасликка чақирди. Бу ҳақда у кеча, 26 октябрь куни Бештепа миллий конгресс ва маданият марказида Диёнат ишлари вазирлиги томонидан ташкил этилган маросимда гапирди. 

“Францияда “турк молларини сотиб олманглар” дейишяпти. Мен бунга жавобан ўз халқимга мурожаат қилиб айтаманки, Франция маҳсулотларини сотиб олманглар”, дейди Ражаб Тойиб Эрдўған.

Туркия раҳбари Европа мамлакатларида, хусусан Франция ва Германияда мусулмонларга нисбатан тазйиқ ва таҳдидларга бутун дунё гувоҳ бўлиб турганини қайд этди. 

“Мен айниқса, насронийлар оламига, яҳудийларга мурожаат қилмоқчиман: энг аввало биз инсонмиз, инсон сифатида, бизнинг динимизда насроний бўлиш гуноҳ эмас, биз уларни ҳам ҳимоя қиламиз. Шу нуқтайи назардан биз яҳудийларни ҳам ҳимоя қиламиз. Лекин агар Францияда мусулмонларга нисбатан таъқиблар бўлса, биз биргаликда уларни ҳам ҳимоя қилайлик, дея дунё раҳбарларига мурожаат қилмоқчиман”, дейди Эрдўған. 

Макрон ва Эрдўған ўртасидаги зиддиятлар бундан 10 кун аввал Париж яқинидаги Конфлан-Сент-Онорин комуннасида тарих фани ўқитувчининг ўлдирилиши ортидан янада совуқлашди. Ўқитувчи дарсда ўқувчиларга буюк пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)нинг "Charlie Hebdo" журналида чоп этилган карикатурасини кўрсатади. Чеченистонда туғилган 18 ёшли Абдулак Анзоров ўқитувчи Самюэль Патига пичоқ билан ҳужум қилиб, уни ўлдиради. Орадан кўп ўтмай, полиция қотилни отиб ташлайди. Ушбу воқеа Макроннинг Ислом оламига қарши баёнотлар билан чиқиши ва мамлакатда сўз эркинлигини қўллаб-қувватлашига сабаб бўлди. Бу баёнотлар ортидан эса Ражаб Тойиб Эрдўған Макронни руҳий хаста эканини айтиб, унинг зудлик билан даволанишга муҳтожлигини қайд этди. 

Ражаб Тойиб Эрдўған Анқарада ўтган тадбирда Ислом ва мусулмонларга қарши душманлик айрим жамиятлар, айниқса, Европа мамлакатларида вабога айланиб бораётгани, мусулмонларнинг иш жойлари, уйлари, ибодат жойлари ва мактабларига ҳар куни ирқчилар ва фашист гуруҳлар томонидан ҳужум уюштирилаётганини урғулади. 

"Энди мен халқимга мурожаат қилмоқчиман. Францияда Туркия маҳсулотларини сотиб олманглар дейишгани каби, сиз ҳам ҳеч қачон француз брендларини мақтаманг, уларни ҳеч қачон сотиб олманг”, дейди Ражаб Тойиб Эрдўған. 

Туркия раҳбарига кўра, Европа мамлакатларида мусулмон оилалар фарзандларининг таълим олиш ҳуқуқлари улар фақат мусулмон бўлгани учун турли кутилмаган баҳоналар билан тортиб олинмоқда. 

“Бир кун йўқки, мусулмонлар масжидига ёки жамиятларига ҳужум уюштирилгани ҳақида хабар олмасак. Аввалроқ Автралияда катта ҳалокатга гувоҳ бўлдик. Энди биз масжидларга ҳужумларни кўряпмиз. Худди шундай воқеаларга Германияда ҳам гувоҳ бўлдик”, дейди Эрдўған.

У минбардан туриб Германия канцлери Ангела Меркелга мурожаат қилмоқчилигини айтади:

“Мен канцлер Меркелга айтмоқчиман: билишимча, сизда дин эркинлиги бор эди?!  Сизда дин ва эътиқод қилганларга давлатнинг кафолати бор эди?!  Хўш, қандай қилиб юздан ортиқ полициячилар бомдод намозида масжидларга ҳужум қилишлари мумкин? Сиз бошқа динга мансубларга Туркияда шундай муносабат қилинганини эшитдингизми? Йўқ! Хўш, нега? Чунки бизда ҳақиқатан ҳам диний эркинлик бор. Биз мусулмонларнинг эътиқод ва ибодат қилиш эркинлигини чеклайдиган амалиётга дуч келмаётган кунимиз йўқ. Пайғамбаримиз, муқаддас китобимиз Қуръон нишонга олинмаган ва биз тушкунлик, умидсизликда ушбу иш билан шуғулланмаган кун йўқ”, дейди Эрдўған. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған

Баҳолаганлар

351

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг