ФҚБ агентлари Трампнинг қароргоҳидан нимани қидиргани маълум бўлди

Олам

image
0:00
0:00
download

Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трампнинг Флоридадаги мулкида ядровий қуролга оид махфий ҳужжатларни қидирган. Бу ҳақда кеча, 11 август куни “The Washington Post” манбаларига таяниб хабар берди.

Нашрнинг қайд этишича, тинтув амалдаги расмийларнинг махфий маълумотлардан чуқур ташвишланаётганидан далолат беради, уларнинг фикрича, ҳужжатлар нотўғри қўлларга тушиб қолиши мумкин. Газета суҳбатдошлари ФҚБ агентлари қандай маълумотларни қидираётгани, бу АҚШ ёки бошқа давлат ядровий қуролларига оидлиги ҳақида қўшимча маълумот бермаган. Шунингдек, улар тинтув пайтида бундай ҳужжатлар топилган ёки топилмаганига ҳам ойдинлик киритмаган. Адлия вазирлиги ва Федерал қидирув бюроси мақолада келтирилган маълумотларга изоҳ беришдан бош тортган.

“The Washington Post” газетасига интервью берган экспертларнинг фикрича, қоида тариқасида, бундай ҳужжатлар қатъий махфий бўлиб, унга чекланган доирадаги АҚШ расмийларининг “қўли етади”. АҚШ ядровий қуроллари ҳақидаги тафсилотларни ошкор қилиш, дея давом этади газета, ушбу тизимларга қарши курашиш йўлларини ишлаб чиқишга интилаётган душманлар учун йўл харитаси бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Адлия вазирлиги контрразведка хизмати собиқ раҳбари Дэвид Лауфманнинг сўзларига кўра, расмийлар АҚШ хавфсизлигига жиддий зарар етказиши мумкин бўлган махфий ҳужжатларни имкон қадар тезроқ қайтаришга ҳаракат қилишган.

“Агар бу рост бўлса, [Трампнинг] Мар-а-Лаго шаҳрида ноқонуний сақланаётган материалларнинг махфийлиги энг юқори даражада бўлиши мумкин. Агар ФҚБ ва Адлия вазирлиги Мар-а-Лагода ҳали ҳам ўта махфий материаллар борлигига ишонганида эди, уларни имкон қадар тезроқ қайтариб олиш учун ақлдан озгандек ҳаракат қилишарди”, дейди Лауфман нашрга. 

Мақолада таъкидланишича, АҚШ разведкасининг собиқ амалдорлари Трамп маъмурияти расмийлари махфий разведка маълумотлари, жумладан Эрон ҳақидаги маълумотлар билан ишлаш ва сақлашда доимий равишда қўпол қонунбузарликларга йўл қўйгани ҳақида хабар беришган. Шундай қилиб, бундай маълумотлар зарурий мартабага эга бўлмаган амалдорларнинг қўлига тушган. Бу ўринда гап аввало чет эл раҳбарлари билан электрон почта ёзишмалари ва телефон қўнғироқлари ҳақида бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, собиқ Президент Дональд Трамп жорий йилнинг 8 август куни ФҚБ агентлари унинг Флоридадаги қароргоҳида тинтув ўтказгани ҳақида хабар берганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

294

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг