Фазлиддин Ғоибназаровнинг кейинги жанги қачон ўтказилиши маълум бўлди

Спорт 4272
image
-

Ҳаваскор боксда Рио Олимпиадаси чемпиони бўлган Фазлиддин Ғоибназаров профессионал боксдаги навбатдаги жангини 26 июнь куни АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида ўтказади. Унга мағлубият нималигини билмай келаётган америкалик Куинтон Рэнделл рақиблик қилади.

Биринчи яримўрта вазн (63,5 кг) тоифасида фаолиятини олиб борган Фазлиддин (9-1, 5 КО) 26 июнь куни АҚШнинг Невада штати Лас-Вегас шаҳрида ташкил этиладиган бокс оқшомида рингга кўтарилади. Ғоибназаровнинг хабар беришича, боксчи шу куни яримўрта вазн (66,7 кг) тоифасида жанг ўтказади ва унинг рақиби, таъкидланганидек, мағлубият нималигини билмай келаётган америкалик Куинтон Рэнделл (8-0, 2 КО) бўлади. 

Бундан ташқари, Фазлиддин Ғоибназаров украиналик собиқ жаҳон чемпиони Василий Ломаченко ҳамда япониялик Масайоши Накатани билан бокс оқшомининг андеркардида рингга чиқади. Айни пайтда, чарм қўлқоп устаси Тошкентда мураббийи Аброр Турсунпўлатов қўл остида сўнгги машғулотини ўтказяпти. 

Маълумот учун, Фазлиддин Ғоибназаров шу кунгача профессионал боксда 10 та жанг ўтказиб, уларнинг 9 тасида ғалаба қозонган (5 та нокаут), 1 маротаба мағлубиятга учраган. У охирги жангини 5 декабрь куни арманистонлик Манук Диланянга қарши ўтказиб, рақибини 8 раундлик жангда очколар эвазига мағлуб этганди.

Фазлиддиннинг рақиби Куинтон Рэнделл эса профессионал боксда саккизта жангда иштирок этиб, барчасида ғалаба қозонган. Ҳисобида иккита нокаутли ғалаба бор.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 140
Рейтинг: 3
t
×