Фарғона НҚИЗда аёл ўзини ёққанида атрофдагилар томошабин бўлганми? Завод изоҳ берди (фото)

Жамият

image
0:00
0:00
download

Аввалроқ Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида ишловчи 47 ёшли аёл ўзининг устига бензин сепиб, ёқиб юборгани ҳақида хабар берган эдик. Фарғона НҚИЗ Матбуот хизмати заводда юз берган ҳодиса юзасидан QALAMPIR.UZ’га расмий маълумот берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 2 август куни соат 7:37 да 32-сонли цехда 2-тоифали бўёқчи сифатида фаолият юритаётган Санобархон Деҳқоновна Ҳайдарова заводга кириш 1-секторида корхона ҳудудига киритилмаган. Чунки тегишли рухсатномаси бўлмаган. Қўриқчилар ўз хизмат вазифаларига амал қилган ҳолда ҳамкасбларининг ичкарига киришига рухсат беришмаган. Бунга жавобан Санобархон Ҳайдарова қўриқчиларга нисбатан ғазабини агрессив тарзда билдирган. Заводга кираверишдаги қисқа мулоқотдан сўнг, у бинони тарк этган. 

“Заводда ушбу ҳаракатларни тасдиқловчи барча видео материаллар мавжуд. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ ушбу видеоматериаллар ўрнатилган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилиши мумкин”, дейилади ФНҚЗ баёнотида.

Расмий маълумотга кўра, орадан бир соат ўтиб, соат 8:31 да Санобархон Ҳайдарова қайтиб келган ва 1-секторга кираверишдаги назорат пункти олдида пластик идишдаги бензинни ўзининг устидан қуйган. У бинога кираверишда ўзини ёқиб юбормоқчи бўлган. 

“Ушбу ҳаракатларни кўрган ФНҚЗ хавфсизлик ходимлари дарҳол ўз-ўзини ёқишнинг олдини олишга ҳаракат қилишган. Бироқ ходима оловни ёқишга муваффақ бўлган, унинг кийимлари ёниб кетган. Қўриқчилар ўт ўчиргич ва кийимлар ёрдамида ёнғинни тезда ўчиришган. Аммо Санобархон Деҳқоновна ёрдам кўрсатишга тўсқинлик қилиб, аллақачон сезиларли даражада куйиб бўлган”, дейилади заводнинг ҳолат юзасидан муносабатида.

Шунингдек, соат 8:31 да ўтказиш пунктида навбатчилик қилаётган ФНҚЗ тиббиёт бўлими ҳамшираси Барно Обидова ширкатнинг тиббий ёрдам гуруҳига қўнғироқ қилган. Соат 8:37 да Санобархон Ҳайдарова тез тиббий ёрдам машинасида Фарғона шаҳридаги шифохонанинг куйиш бўлимига юборилган. Машина қабулхонага эрталаб соат 8:45 да етиб келган. Таъкидланишича, ҳозирда у шифохонада шифокорлар ҳамда ФНҚЗдаги ҳамкасблари назорати остида бўлиб турибди.

“Табиийки, бундай ҳаракатлар муайян сабабларсиз амалга оширилмайди. Бундай вазиятда биз фақат умумий фактларни тақдим этишимиз мумкин, деб ҳисоблаймиз, чунки завод ходимларнинг шахсий ҳаёти ҳақидаги тафсилотларни ошкор қилиш ҳуқуқига эга эмас.

Воқеа гувоҳлари билан мулоқот қилиш натижасида маълум бўлишича, Санобархон Деҳқоновна ишга қабул қилинишидан олдин ҳам ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган бўлиб, юқоридагига ўхшаш ҳолатларга бир неча бор тушган. Аммо таҳдидлар кўпроқ оғзаки тусга эга бўлиб, жумладан, аввалги иш берувчиларига ҳам қаратилган”, дейилади ФНҚЗ баёнотида.

Маълумот учун, Санобархон Деҳқоновна Ҳайдарова 1975 йил 1 январда Тошлоқ туманида туғилган, оилали, 4 нафар қизи бор, ҳозирда турмуш қурган, Қува туманида яшайди. У “Нефтчи” спорт мажмуасида ишлагандан сўнг, ФНҚЗ 32-цехи 1-таъмирлаш-қурилиш участкасининг 2-тоифали бўёқчиси лавозимига ўтказилган.

ФНҚЗ Матбуот хизмати вакили Аҳмаджон Одиловнинг QALAMPIR.UZ мухбирига маълум қилишича, ходима ўзини ёқиб юборганида атрофдагилар томошабин бўлиб тургани ҳақидаги хабарлар асоссиз. Воқеа содир бўлганида яқин атрофдаги қўриқчилар аввало аёл ўзини ёқишига қаршилик кўрсатган, аммо аланга олгач, уни кийимлари билан ўраб, оловни ўчирган. Одилов таҳририятга заводга кираверишдаги камералар тасвирга олган кадрларни ҳам тақдим этди. Унда ходимлар оловни ўчиришга уринаётганини кўриш мумкин.

Шунингдек, Аҳмаджон Одиловнинг сўзларига кўра, аёл ишдан бўшатилмаган. У бошқа, агарда ишни тезроқ бажарса, кўпро даромад олиш мумкин бўлган ишга ўтказилган. Унинг бошқа ишга ўтказилиши ўз аризасига кўра амалга оширилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

591

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг