Эшонобод қишлоғи янада обод ва кўркам қиёфа касб этди

Жамият 1660

Тошкент вилояти Чиноз туманидаги Эшонобод қишлоғи ҳам “Обод қишлоқ” дастури доирасида ободонлаштирилди.

Лойиҳа доирасидаги ишлар натижасида 3 мингга яқин одам яшайдиган қишлоқда ижтимоий соҳа объектлари, замонавий уй-жойлар қурилди.

Янги объектларни фойдаланишга топшириш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари, миллий маданий марказлар вакиллари, шунингдек, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Республикаларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчилари ҳам иштирок этди.

Қишлоқнинг Файзобод кўчасида замонавий маҳалла маркази барпо этилган бўлиб, “Обод ва хавфсиз маҳалла”, “Маҳалла раиси – ислоҳотчи” тамойиллари асосида фуқаролар билан ишлаш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича янги тизимни самарали жорий этиш учун барча имконият яратилган. Бинода маҳалла фуқаролар йиғини раиси, унинг ўринбосари ва турли йўналишлар бўйича маслаҳатчилари, профилактика инспектори ўзаро уйғун ва самарали фаолият кўрсатиши учун барча шароит яратилган.

Шулар қаторида мўъжаз кутубхона ва мутолаа зали, тумандаги Халқ қабулхонаси, Давлат хизматлари марказининг шохобчалари, 3-сектор штаби, тиббиёт пункти, банк филиали каби одамларга хизмат қиладиган объектлар ташкил этилган.

Қишлоқда янги барпо этилган маданият саройида машғулотларни бошлаб юборган эшонободлик санъатсевар ёшлар меҳмонларни ўзларининг ижод намуналари билан кутиб олди. 200 ўринли мазкур маданият ва санъат ўчоғи кўп миллатли қишлоқ ёшларининг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъат, компьютер технологиялари билан машғул бўлиши учун ниҳоятда катта имкониятдир.

Тадбир иштирокчилари бу ерда бешта муҳим ташаббус, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида яратилган шароитлар, турли тўгараклар, қишлоқ аҳли ва ёшлар учун яратилган бошқа имкониятлар билан танишди.

1

Бу хиёбон – Ўзбекистон ва жаҳондаги энг нодир меъморий обидаларнинг ихчам макетларини ўзида мужассам этган. Шу куни хиёбондаги амфитеатрда бахши-жировларнинг айтишувлари ҳам бўлиб ўтди. “Аҳиллик” кўчасида қурилган ўтов ичи ва атрофида ҳам қишлоқдаги кўп миллатли аҳолининг аҳил-иноқ, тотув-ҳамжиҳат ҳаётидан ҳикоя қилувчи ўзига хос дўстлик муҳити ҳукм сурди. Меҳмонлар ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик, рус ва татар миллатларининг урф-одатлари, миллий таомлари, ҳунармандлик ва амалий санъат намуналари билан танишди.

1

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 8
Рейтинг: 3
t
×