Эрдўған Украинага ўзи билан ҳужум қуроли муаллифини олиб боряпти

Олам

image

Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 18 август куни Украинага ташриф билан жўнаб кетди. Бу ҳақда Туркия давлат ахборот агентилиги “Анадолу” хабар бермоқда. 

Давлат раҳбарини пойтахт Анқарадаги Эсенбоға аэропортида вице-президент Фуат Октай, Анқара губернатори ўринбосари Абдулла Дўлек ва бошқа расмий шахслар кутиб олди. 

Сафар чоғида Туркия раҳбарига Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли, Энергетика ва табиий ресурслар вазири Фотиҳ Дўнмез, Миллий мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири Ваҳит Кириши, Савдо вазири Меҳмет Муш, Миллий разведка бошқармаси раҳбари Ҳакан Фидан, Президент маъмурияти билан алоқалар бўйича бўлим бошлиғи Фаҳреттин Алтун, Президент матбуот котиби Иброҳим Калин, Президент маъмурияти мудофаа саноати бўлими раҳбари Исмоил Демир, ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси расмий вакили Умар Челик ва “Baykar Makina” бош директори Ҳалук Байрактар ҳаҳроҳлик қилади.  

Аввалроқ, Туркия Президенти 18 август куни Львовда украиналик ҳамкасби Владимир Зеленский ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашиши хабар қилинганди.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, одатда Туркия раҳбари хорижий ташрифларга ўзи билан компаниялар раҳбарларини олиб бормайди. Bayraktar, Akinci каби учувчисиз ҳаво воситаларини ишлаб чиқарувчиси бўлган “Baykar Makina”нинг бош директорини уруш давом этаётган Украинага олиб бориш эса бежиз эмасга ўхшайди. 

Маълумот учун, Ражаб Тойиб Эрдўған Россия қарши Украинага ҳарбий ҳаракатлар бошлашидан 20 кун аввал Киевга бориб, Зеленский билан бир қатор масалаларни муҳокама қилганди. Ушбу учрашувда Путин ва Зеленскийни Истанбулда кўриштириш ҳам кун тартибидаги масала бўлган ва Зеленский Эрдўғаннинг бу таклифига розилик билдирган

Шунингдек, ушбу учрашувда Украинада Туркия билан ҳамкорликда учувчисиз ҳаво воситаларини ишлаб чиқариш бўйича келишув имзоланганди.

Маълумот учун, “Baykar Makina” компанияси Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг куёви Селчук Байроқдор оиласига тегишли.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

366

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг