Эрдўған ШҲТ қайси ҳолатда Туркиянинг “кунига яраши”ни айтди

Олам

image

Баъзи давлатлар ўзини бошқалардан ажратиб олишга уринаётгани сабабли дунёда кескинлик кучаймоқда. Бу ҳақда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 16 сентябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммитидаги нутқида гапирди.

У Туркия Украинадан Африка давлатларига озиқ-овқат етказиб берилиши зарурлигига эътибор қаратишга ҳаракат қилаётганини урғулади. 

“Биз Қора денгиз орқали Украина донини экспорт қилишда БМТ ва манфаатдор томонлар билан жуда самарали ҳамкорлик қиляпмиз. Украинадан ғалланинг асосан Африкадаги биродарларимиз ва опа-сингилларимизга етиб боришига эътибор қаратишга ҳаракат қиляпмиз, айниқса, бунга муҳтож бўлганларга”, дейди Эрдўған.

Туркия раҳбари Анқара ШҲТ билан ҳамкорликни, асосан, хавфсизлик соҳасида кенгайтиришни ниятида эканини айтган. 

"ШҲТ – бағрикенглик ва ҳамкорлик ғоялари илгари суриладиган жуда ҳурматли ва ишончли платформа. Туркия Анқара ва ШҲТ ўртасидаги муносабатларнинг ривожланиши давом этишига чин дилдан ишонади. Биз ШҲТ билан ҳамкорликни, асосан, хавфсизликни таъминлаш соҳасида кенгайтиришни кутамиз”, дейди у. 

Эрдўған янада адолатли дунё тартибини ўрнатиш зарурлигини таъкидлади. 

“Ҳаммамиз биламизки, глобал тизим ислоҳотга муҳтож. Бизга янада адолатли дунё тартиби, янада вакиллик, қамраб олувчи ва самарали дунё тартиби керак. Бунинг устида ишлаяпмиз, минтақамизда фаол иштирок этмоқдамиз. Биз чегараларимизни мустаҳкамлаймиз, бутун минтақа чегараларини мустаҳкамлаймиз”, дейди у. 

Эслатиб ўтамиз, Путин 7 сентябрь куни Шарқий иқтисодий форумдаги нутқида Украина дони дастлаб айтилганидек асосан ночор ва ривожланаётган давлатларга эмас, Европанинг ривожланган мамлакатларига жўнатилаётганини қоралаганди. РФ Президенти бу масалани Эрдўған билан муҳокама қилишини таъкидлади.

Маълумот учун, жорий йилнинг 22 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Россия Миллий Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Украина Инфратузилма вазири Александр Кубраков иштирокида “Дон йўлаги” ҳужжати имзоланди. Украинадан ғалла экспорти бўйича келишув Одесса, шунингдек, Черноморск ва Южнийдан хавфсиз йўлакларни яратишни назарда тутади. Ушбу келишув жаҳон бозорларига камида 25 миллион тонна дон етказиб бериш имконини беради.

Келишув кучга кирганидан кейин август ойида Украина портларидан 1,67 миллион тоннадан ортиқ озиқ-овқат экспорт қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған ШҲТ

Баҳолаганлар

150

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг