Эрдўған қатор мусулмон давлатлар раҳбарлари билан Исроилнинг зўравонликларини муҳокама қилди

Олам

image

Бугун, 11 май куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад ал-Соний ўртасида телефон орқали суҳбат бўлиб ўтди. Бу ҳақда Туркия Президентининг сайтида хабар берилган.

Маълум қилинишича, икки давлат раҳбарлари Исроилнинг Фаластин аҳолисига қарши зўравонлиги, шу жумладан босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига уюштирилган ҳужум масаласини муҳокама қилган.

Эрдўған минтақа давлатлари ва халқаро ҳамжамият эътиборини Исроилнинг жиноий ҳаракатларига қаратиш бўйича Анқара ва Доҳанинг қўшма қадамлари муҳимлигини таъкидлаган.

Туркия Президенти Фаластиндаги вазиятни, шунингдек, Малайзия қироли Султон Абдуллоҳ Шоҳ билан ҳам телефон орқали муҳокама қилди.

Эрдўған Ал-Ақсо масжидида Исроил зўравонлигини тўхтатиш учун Туркия ва Малайзия барча платформаларда ҳамкорлик қилишига ишонч билдирган.

Бундан ташқари, Эрдўған Иордания Қироли Абдуллоҳ II билан ҳам суҳбатлашган.

Суҳбат чоғида икки давлат раҳбарлари Фаластиндаги вазият ва Исроилнинг Қуддус шаҳри, Ал-Ақсо масжиди ҳамда фаластинликларга қаратилган зўравонликларини муҳокама қилган. 

Қайд этиш керакки, Туркия Президенти бундан аввал ҳам Фаластинни қўллаб-қувватлаб, бир неча марта баёнот берган.

Жумладан, май ойининг бошидан Исроил полициясининг фаластинликларга ўтказган зулмидан сўнг, Эрдўған исломий мамлакатлар ва бутун дунё жамоатчилигини оккупация қилинган Шарқий Қуддусдаги фаластинликларни ўз уйларидан зўрлик билан чиқариб юбораётган Исроилнинг агрессив ҳаракатларига нисбатан самарали қаршилик кўрсатишга чақирди. Кейинроқ Эрдўған Исроилнинг ҳаракатларини “террор“, деб баҳолади.

Мунтазам равишда фаластинликлар томонида турувчи Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун ушбу масалага биринчи марта эътибор қаратаётгани йўқ. 

2019 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 74-мажлисида Эрдўған нутқ сўзлаб, Исроилнинг Фаластинни бутунлай эгаллаб олаётгани, БМТ эса бунга томошабин бўлиб турганини қоралади.

Ўшанда Эрдўған минбарга Исроил ва Фаластин тупроқлари акс этган харита билан чиққан. Ундаги тўрт суратда 1948 йил – Исроил давлати ташкил топгандан буён Фаластин ерларини қанчалик эгаллаб бораётгани тасвирланган.

Қуддусдаги вазиятнинг кескинлашиши

7 май – Рамазон ойининг охирги Жума куни, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди атрофида тартибсизликлар бошланди. Бунга Исроил полицияси томонидан фаластинликлар таровеҳ намозини ўқиётган ушбу масжидга ҳужум қилгани сабаб бўлди. Бундан ташқари, Исроил суди Шайх Жарроҳ маҳалласида яшовчи араб оилаларини кўчириш тўғрисида қарор чиқарган. Чунки бу ерларга яҳудийлар даъво қилиб келади.

Қизил ярим ой жамиятининг маълумотларига кўра, Исроил полициясининг зўравонликлари оқибатида 700 дан ортиқ киши жароҳатланган, шундан 333 нафари шифохонага ётқизилган.

Шундан сўнг, Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Исроилни огоҳлантирган: Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ва Шайх Жарроҳ маҳалласидан аскарларни олиб чиқиб кетиш учун маҳаллий вақт билан соат 18:00 гача муддат қўйди.

Шарт бажарилмагач 10 май куни ҲАМАС ҳаракати Исроилнинг бир қатор шаҳарларини 45 та ракета билан ўққа тутди. Бироқ Исроилнинг ҳаво ҳужумига қарши “Темир гумбаз” мудофаа тизими ушбу 45 ракетанинг катта қисмини осмоннинг ўзида зарарсизлантирди. Баъзилари эса аҳоли яшаш пунктига тушди. 

Бунга жавобан Исроил томони дарҳол 130 та ракета билан ҲАМАС ҳаракати жойлашган Ғазо секторини ўққа тутди. Оқибатда эса 22 фаластинлик, шу жумладан 9 бола ҳалок бўлди.

Халқаро ҳамжамиятнинг реакцияси

Халқаро ҳамжамият Қуддусдаги воқеаларга тезда муносабат билдирди. БМТ Хавфсизлик Кенгаши 10 май куни Фаластиндаги можароларга бағишланган йиғилиш ўтказди, аммо якунда ҳеч қандай баёнот қабул қилинмади.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров эса Исроил расмийларининг Шарқий Қуддусдаги ҳарбий амалиётини “қонунбузарлик” деб атаб, улар содир бўлган воқеа учун фаластинликлардан кечирим сўраши кераклигини таъкидлади.

Қатор мусулмон давлатлар умумий равишда Исроил халқаро ҳуқуқ нормларини бузаётганини айтиб, норозилик билдирди. Уларнинг орасида Иордания, Покистон, Саудия Арабистони, Миср, Қатар, Баҳрайн ва БАА бор.

Ўз навбатида, Исроил Бош вазири дунё ОАВни воқеалар ривожини нотўғри талқин қилганликда айблаб, мамлакат полициясининг зўравонликларини қўллаб-қувватлаган эди.

Бундан ташқари Исроил расмийлари можаролар бошланиши билан “тутинган акаси” АҚШдан вазиятга аралашмаслик ва халқаро босим ўтказмасликни сўради. Вашингтон эса ҳар икки томонни ҳам вазиятда айбдор деб, можарони тугатишга чақирди. Европа Иттифоқи эътиборини фаластинликларнинг ноқонуний кўчирилишига қаратди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

377

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг